БМТ Бош котиби ўринбосари билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жорий йилнинг 3-4 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик” юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун мамлакатимизга келган БМТ Бош котиби ўринбосари – Терроризмга қарши курашиш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков билан учрашди.
Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги шерикликнинг бугунги ҳолати ва ўзаро муносабатни ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинди. Хусусан, республикамиз билан мазкур бошқарма ўртасидаги алоқанинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон сўнгги йилларда БМТнинг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш масалалари бўйича ихтисослашган тузилмалари билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Давлатимиз бу борадаги асосий универсал ҳуқуқий ҳужжатлар иштирокчиси ҳисобланади.
[gallery-5955]
Мамлакатимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 4 та резолюцияси қабул қилинди. Ўтган йили Ўзбекистон илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашга аъзо бўлди, вакилимиз 2022 йилга раис ўринбосари этиб тайинланди.
Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзолигига қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан ўзаро табрик алмашдилар.
ЎзА