“BMB HOLDING” фаолияти билан танишилди
Жиззах вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев “BMB HOLDING” Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамроҳлигида холдингнинг Шароф Рашидов туманида жойлашган “BMB-NRC Agrologistics”, “BMB Agro Plus”ҳамда “BMB IMPEX” корхоналари фаолияти билан танишди.
“BMB HOLDING” Жиззах вилоятидаги йирик агросаноат кластерлари орқали қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва халқаро стандартларга мос маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида бир қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Вилоят раҳбари ушбу лойиҳаларнинг амалий жараёнлари билан яқиндан танишиш мақсадида ушбу корхонага борди. Улуғбек Мустафоев дастлаб “BMB-NRC Agrologistics” мажмуаси фаолиятини кўздан кечирди. Бу ерда унга агрологистика марказининг имкониятлари, экспорт салоҳияти ва хизмат турлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, вилоят раҳбари “Ягона дарча” тамойили асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш, божхона ва фитосанитар ҳужжатларини расмийлаштириш, шунингдек, транспорт ва логистика хизматлари кўрсатиш жараёнларини ҳам кузатди.

Ўрганишлар жараёнининг навбатдаги манзили қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва экспортга йўналтиришга ихтисослашган “BMB Agro Plus” ва “BMB IMPEX” корхоналарига бўлди. Унда мева-сабзавотлар чуқур қайта ишланиб, жумладан, мураббо, консерва, пюре ва паста каби қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Шу ўринда “BMB HOLDING” томонидан шу жойнинг ўзида “BMB Za’faron” ва заъфаронли маҳсулотлар бурчаги ташкил этилганини ҳам қайд этиб ўтиш лозим.
Кейинги йилларда заъфарон етиштириш йўналишида қўлга киритилаётган ютуқлар, халқаро сертификатлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида Улуғбек Мустафоевга атрофлича маълумотлар берилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири