Bloomberg: Ғарб ёрдам бермаётгани учун Саудиянинг ҳафсаласи пир
Саудия Арабистони расмийлари хусийлар билан қарама-қаршилик шароитида Ғарб иттифоқчиларининг чекланган қўллаб-қувватловидан ҳафсаласи пир бўлди, дея хабар тарқатган “Bloomberg” агентлиги. Таъкидланишича, Буюк Британия ёнилғи танкери тақдим этган бўлса-да, сўнгги ҳафталарда қўшимча мудофаа ёрдами сўрови ҳали тасдиқланмаган.
Бир манбага кўра, Ар-Риёд аэропортига уюштирилган ҳужумлар можарони кучайтириш таҳдиди сифатида намоён бўлмоқда. Жараён охир-оқибат Қўшма Штатларни ҳам қамраб олиши мумкин. Яъни, вазият Саудия расмийларидан ҳужумни тўхтатиш ва тинчлик ўрнатиш учун муаммога қатъийроқ ёндашишни тақозо этади.
– Хусийлар ҳужум кўламини кенгайтириш орқали Саудияни чекинишга, ҳаво ҳужумини тўхтатишга мажбурламоқда, – дейилган хабарда. – Ар-Риёд айниқса рақибнинг мисли кўрилмаган табиатини ҳисобга олган ҳолда, зарбаларни жиддий эскалация, деб билади ва эҳтимол аввалгидан ҳам кўпроқ ҳарбий босим билан жавоб беради.
Шунингдек, кучайиб бораётган можаро, молиявий ўсиш кўрсаткичи пасайиши асносида, мамлакат иқтисодий муҳитига аллақачон таъсир кўрсатаётгани ҳам таъкидланган.
“British Petroleum” ва “Shell” каби йирик корпорацияларнинг баъзи юқори лавозимли мансабдорлари якшанба куни Ар-Риёдда очилган Халқаро нефть конгрессида қатнашишдан бош тортган. Пойтахтдаги халқаро компаниялар ходимларини масофадан ишлаш тартибига ўтказган.
С.Раҳимов, ЎзА