Бизнесни рўйхатга олиш — текширув эмас, ривожланиш пойдевори
Ўзбекистонда 15 октябрдан бошлаб мамлакат иқтисодиётининг аниқ манзарасини яратишга қаратилган кенг кўламли бизнесни рўйхатга олиш жараёни бошланади. Бу жараён тадбиркорлар ва давлат учун қандай аҳамиятга эга?
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ–190-сон фармонига мувофиқ, 15 октябрдан 30 ноябрга қадар юртимизда бизнесни рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилади. Мақсад мамлакатдаги иқтисодий фаолиятнинг имкон қадар тўлиқ манзарасини шакллантириш.
Тадбирнинг аҳамияти ва рўйхатдан ўтказиш тадбирларининг тартиби хусусида Миллий статистика қўмитаси Матбуот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов билан суҳбатлашдик.

—Бизнесни рўйхатга олиш нима ва у нима мақсадда ўтказилади?
—Бизнесни рўйхатга олиш — мамлакатимизда амалда фаолият юритаётган корхоналар, тадбиркорлар ва бошқа иқтисодий бирликлар ҳақида аниқ ва ишончли маълумотларни тўплаш тадбири. Унинг асосий мақсади — мамлакатда қанча иқтисодий бирлик фаолият юритаётгани, улар нима билан шуғулланаётгани, қайси ҳудудларда жойлашгани ва бандлик ҳолати каби муҳим кўрсаткичларни аниқлашдир.
—Бизнесни рўйхатга олишда кимлар иштирок этади?
—Рўйхатга олиш тадбири фақат йирик корхоналарга эмас, балки кичик бизнес вакиллари ва мустақил фаолият юритаётган шахсларга ҳам тегишли. Жумладан, йирик, ўрта ва кичик корхоналар, микрофирмалар, якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган шахслар, деҳқон хўжаликлари, ҳунармандлар, оилавий тадбиркорлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда расмий рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётган иқтисодий бирликлар қамраб олинади.
—Бизнесни рўйхатга олиш қандай тартибда амалга оширилади?
—Маълумотлар икки хил усулда тўпланади. Биринчи усул — махсус тайёрланган рўйхатга олувчилар планшет қурилмалари ёрдамида жойига бориб, юзма-юз сўров ўтказади. Иккинчи усул — тадбиркорлар интернет орқали мустақил равишда маълумотларни тақдим этади. Қайси усул қўлланилиши респондентнинг тоифасига боғлиқ бўлади. Рўйхатга олиш жараёнида иқтисодий бирликларнинг фаолият йўналиши, бандлик ҳолати ва асосий иқтисодий кўрсаткичларига оид маълумотлар тўпланади.
—Бизнесни рўйхатга олишда тақдим этилган маълумотлар махфий сақланадими?
—Ҳа, албатта. Тадбир давомида тақдим этилган индивидуал маълумотларнинг махфийлиги қонун билан кафолатланган. «Расмий статистика тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, муайян шахс ёки корхонани аниқлаш имконини берувчи индивидуал маълумотлар махфий ҳисобланади. Улардан фақат статистик мақсадларда фойдаланилади. Бундай маълумотлар текширув ўтказиш, назорат қилиш ёки маъмурий қарорлар қабул қилиш мақсадида ишлатилиши мумкин эмас. Энг муҳими, рўйхатга олиш натижалари алоҳида корхона ёки тадбиркор кесимида эмас, балки умумлаштирилган статистик кўрсаткичлар шаклида эълон қилинади.
—Бизнесни рўйхатга олиш давлатга, тадбиркорларга ва аҳолига қандай фойда келтиради?
—Рўйхатга олиш натижалари иқтисодиётнинг ҳақиқий ҳолатини янада аниқроқ баҳолаш имконини беради.
Давлат учун — қайси ҳудудда қандай бизнес турлари ривожлангани, иқтисодий фаоллик ва бандлик ҳолатини баҳолаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳудудларни ривожлантириш бўйича асосли қарорлар қабул қилишга хизмат қилади.
Тадбиркорлар учун — бизнес муҳитини таҳлил қилиш, янги фаолият йўналишларини танлаш, маҳсулот ва хизматлар турини кенгайтиришда қўшимча ахборот манбаи бўлади.
Аҳоли учун — ҳудудларда бандликни қўллаб-қувватлаш, товар ва хизматлар бозорини ривожлантириш ҳамда аҳоли эҳтиёжларига мос дастурларни режалаштириш учун ишончли статистик асос яратади.
Хулоса қилиб айтганда, бизнесни рўйхатга олиш — тадбиркорларни текшириш эмас, балки иқтисодиётнинг тўлиқ ва ишончли статистик манзарасини шакллантиришга қаратилган муҳим тадбир.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА