Бизнес учун янги имкониятлар: Ўзбекистон делегацияси Бишкекда қатор учрашувлар ўтказди
Айни кунларда Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида Ўзбекистоннинг етакчи таҳлил марказлари, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат экспертлар делегацияси амалий ташриф билан бўлиб турибди. Ташрифдан кўзланган мақсад Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатларининг бугунги ҳолатини атрофлича муҳокама қилиш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Ташриф доирасида савдо-иқтисодий шерикликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Экспортчилар уюшмаси вакиллари билан биргаликда Ўзбекистон–Қирғизистон тараққиёт жамғармасида учрашув ўтказди.
Иштирокчилар давлат раҳбарлари ташаббуси билан ташкил этилган Жамғарма қўшма ташаббусларни амалий рўёбга чиқаришнинг муҳим воситаси ҳамда саноат кооперациясини чуқурлаштиришнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланганини таъкидладилар.
Учрашувда сўзга чиққан Жамғарма бошқаруви раиси Азиз Аалиев мазкур тузилма қўшма инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда муҳим ўрин тутаётганини қайд этди. Бугунги кунга қадар умумий қиймати 60 миллион АҚШ долларига тенг 37 та лойиҳа амалга ошириш учун маъқулланган. Ҳамкор инвесторлар маблағлари ҳисобга олинганда эса ушбу кўрсаткич 100 миллион АҚШ долларига етади.

Шу билан бирга, конструктив мулоқот давомида Жамғарма фаолияти самарадорлигини янада ошириш ва унинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Ички тартиб-таомилларни мақбуллаштириш ҳамда лойиҳа аризаларини келишиш жараёнини жадаллаштириш орқали Жамғарма фаолиятини ўзгарувчан бозор шароитларига мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф дастурининг навбатдаги банди доирасида делегация савдо, қурилиш, молиявий хизматлар ва саноат кооперацияси каби турли соҳаларда фаолият юритаётган 50 нафардан ортиқ қирғизистонлик ва ўзбекистонлик тадбиркорлар билан музокаралар ўтказди.

Мулоқот давомида барча йўналишларда шерикликнинг юқори даражага кўтарилгани, мавжуд тўсиқлар изчил бартараф этилаётгани ва умумий иқтисодий макон шаклланаётгани мамнуният билан қайд этилди. Шу билан бирга, ҳамкорликда ҳали тўлиқ ишга солинмаган салмоқли салоҳият мавжудлиги таъкидланди.
Хусусан, Қирғизистонда қурилиш соҳаси ўтган йили 21 фоизга ўсгани инобатга олиниб, мазкур йўналишдаги мутахассисларга талаб юқорилиги ҳамда бозор эҳтиёжларини ўз вақтида қондириш учун миграция қонунчилигини соддалаштириш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, ўзаро сафарлар сони жадал ортаётгани таъкидланди: 2025 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган Марказий Осиё мамлакатларидан 9 миллион нафар сайёҳнинг 3,3 миллиондан ортиғини Қирғиз Республикаси фуқаролари ташкил этди.
Қирғизистонда ҳам шунга ўхшаш тенденция кузатилмоқда: ишбилармонлик алоқалари фаол мустаҳкамланиб, хизмат сафарлари сони изчил ортиб бормоқда. Шу муносабат билан Қирғизистон авиакомпаниялари Ўзбекистон шаҳарларига, аввало, Хива, Самарқанд ва Фарғонага авиақатновларни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди. Ўтган йилларга нисбатан ҳафталик рейслар сони 3 тадан 40 дан ортиққа ошганига қарамай, талаб ҳамон юқори экани таъкидланди.
Транспорт-логистика масалалари ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Қирғизистон бозорида талаб ортиб бораётгани инобатга олиниб, тадбиркорлар юкларни тезкор етказиб бериш учун юк автомобиллари паркини кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар. Шунингдек, туризм ва банк молиялаштириши билан боғлиқ долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Мазкур масалаларнинг барчаси икки давлат раҳбарлари томонидан белгиланган стратегик мақсад — ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказишни амалда таъминлаш нуқтаи назаридан муҳокама қилинди. Иштирокчилар саноат кооперациясининг улкан салоҳияти ва анъанавий дўстона муносабатлар бутун Марказий Осиё минтақасида интеграция жараёнларини чуқурлаштириш учун ишончли замин бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирдилар.



ЎзА