Бизнес самарадорлиги: комплекс ёндашув натижалари
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда мамлакатнинг барча ҳудудларидан 5 мингдан ортиқ тадбиркор ўртасида сўров ўтказди. Тадқиқот бизнес юритиш шароитлари ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чоралари самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш ва хусусий секторни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган.
Сўров иштирокчиларининг асосий қисмини хусусий бизнес вакиллари (93 фоиз) ташкил этди. Фаолият турлари бўйича улгуржи ва чакана савдо энг катта улушга эга (43 фоиз), хизматлар соҳасига қарийб учдан бир қисми (30 фоиз) тўғри келади. Кейинги ўринларда саноат (17 фоиз), қурилиш (8 фоиз), қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги (2 фоиз) туради.
Танланма турли фаолият тажрибасига эга корхоналарни қамраб олган. Қарийб ҳар тўртинчи корхона 10 йилдан ортиқ (24 фоиз), тўртдан биридан кўпроғи 5 йилдан 10 йилгача (28 фоиз), қарийб тўртдан бири 3 йилдан 5 йилгача (26 фоиз), ҳар бешинчи корхона эса 1 йилдан 3 йилгача (20 фоиз) фаолият юритмоқда.
Сўров натижалари корхоналар самарадорликни ошириш учун турли воситалардан фойдаланаётганини кўрсатмоқда. Ҳар учинчи корхона бир нечта рақамли ечимларни жорий этган (33 фоиз), шунга яқин қисми сунъий интеллектдан камида икки йўналишда фойдаланмоқда (30,4 фоиз), қарийб ҳар тўртинчи корхона энергия тежамкор ечимларни қўлламоқда (23,2 фоиз). Шу билан бирга, корхоналар янги маҳсулот ва технологияларни жорий этмоқда, таннархни пасайтириш мақсадида ишлаб чиқариш ва бизнес жараёнларини қайта кўриб чиқмоқда.
Комплекс чораларни қўллаш корхоналар фаолиятининг юқорироқ натижалари билан боғлиқ. Самарадорликни ошириш бўйича камида учта чорани жорий этган компанияларнинг ярмидан кўпи маҳсулот ва хизматларга талаб ошганини қайд этган (54,1 фоиз). Бундай корхоналар таннархни 4,1 баробар кўпроқ ҳолатда пасайтиришга эришмоқда, иш ҳақи 10 фоиздан ортиқ ошган компаниялар улуши эса 2,1 баробар юқори.
Самарадорликни ошириш бўйича камида учта чорани жорий этган корхоналар юқорироқ инвестиция фаоллигини ҳам намоён этмоқда. Уларнинг ярмидан кўпи келгуси йил инвестиция ҳажмини оширишни режалаштирган (57,8 фоиз).
Шу билан бирга, самарадорликни ошириш воситаларини комплекс қўллаш ҳозирча кенг тарқалмаган. Уч ва ундан ортиқ чорани тахминан ҳар тўққизинчи корхона жорий этган (11,6 фоиз), тўртдан биридан кўпроғи эса кўриб чиқилган чораларнинг бирортасини ҳам қўлламаган (28,5 фоиз).
Тармоқлар кесимида уч ва ундан ортиқ чора саноат ва хизматлар соҳасидаги корхоналарда кўпроқ учрайди (ҳар иккисида 13 фоиз), савдода 11 фоиз, қурилишда 9 фоиз ва қишлоқ хўжалигида 8 фоизни ташкил этади.
Ҳудудлар кесимида фарқлар янада сезиларли. Комплекс чоралар Тошкент шаҳрида энг кенг қўлланмоқда (18 фоиз), Самарқанд (4 фоиз), Бухоро (3 фоиз) ва Сирдарё (2 фоиз) вилоятларида эса кўрсаткичлар анча паст.

Сўров натижалари корхоналар орасида базавий рақамли ечимлар кенг тарқалганини кўрсатмоқда (94 фоиз).
Сунъий интеллектдан у ёки бу шаклда корхоналарнинг ярмидан кўпи фойдаланмоқда (60 фоиз). Сунъий интеллект маркетинг ва савдода (24 фоиз), ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштиришда (15 фоиз), бухгалтерия ҳисоби ва молиявий таҳлилда (14 фоиз), шунингдек, чат-ботларда (13 фоиз) кўпроқ қўлланмоқда.
Шу билан бирга, бевосита ишлаб чиқариш, логистика ва молиявий жараёнларда сунъий интеллектдан корхоналарнинг қарийб учдан бири (31 фоиз) фойдаланмоқда. Бу уни амалиётга янада кенг жорий этиш имкониятлари мавжудлигини кўрсатади.
Қарийб ҳар иккинчи корхона савдо ва мижозлар билан ишлашни ташкил этишда мижозлар билан муносабатларни бошқариш тизимларидан (CRM) фойдаланмоқда (48 фоиз). CRM тизимлари хизматлар соҳасида энг кенг қўлланади (54 фоиз). Рақамли бизнес-таҳлил воситаларидан эса ҳар еттинчи корхона фойдаланмоқда (14 фоиз). Хусусий корхоналарнинг қарийб ярми бундай тизимлардан фойдаланмайди, тўртдан биридан кўпроғи эса бундай рақамли ечимлар ҳақида маълумотга эга эмас.
Ижтимоий тармоқлар ҳар бешта корхонанинг тўрттасидан кўпроғи учун маҳсулотни илгари суриш ва мижозлар билан ишлашнинг одатий каналига айланган (80,9 фоиз). Онлайн-савдо корхоналарнинг ярмидан кўпида йўлга қўйилган (58,8 фоиз), бироқ маҳсулотининг ярмидан кўпини интернет орқали сотадиган корхоналар улуши ҳали ҳам паст (9 фоиз). Рақамли тўлов тизимларидан ҳар тўртинчи корхона фойдаланмоқда (25 фоиз).
Тармоқлар кесими рақамли воситалардан фойдаланиш хусусиятларида фарқлар мавжудлигини кўрсатади.
Хизматлар соҳасида CRM тизимлари энг кенг қўлланмоқда (54 фоиз). Шунингдек, бошқа тармоқларга нисбатан сунъий интеллект (68 фоиз), онлайн-савдо (67 фоиз) ва ижтимоий тармоқлардан (87 фоиз) фойдаланиш юқори.
Саноатда CRM тизимлари (49 фоиз) ва сунъий интеллект (60 фоиз), шунингдек, онлайн-савдо (61 фоиз) ва ижтимоий тармоқлар (81 фоиз) кенг тарқалган.
Савдода рақамли тўлов тизимларидан фойдаланиш нисбатан юқори (31 фоиз). Корхоналарнинг ярмидан кўпи сунъий интеллект (55 фоиз) ва онлайн-савдодан (54 фоиз) фойдаланади, ижтимоий тармоқларни эса корхоналарнинг тўртдан уч қисмидан кўпроғи қўллайди (77 фоиз).
Қурилишда ижтимоий тармоқлар энг кенг қўлланмоқда (80 фоиз). Корхоналарнинг ярмидан кўпи сунъий интеллект (55 фоиз) ва онлайн-савдодан (51 фоиз) фойдаланади, CRM тизимларини эса 43 фоиз корхона қўллайди.
Қишлоқ хўжалигида рақамли тўлов тизимлари нисбатан кенг тарқалган (30 фоиз). Шу билан бирга, корхоналарнинг 43 фоизи сунъий интеллектдан фойдаланади, 49 фоизида онлайн-савдо йўлга қўйилган, 66 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланади.

Тадқиқот натижалари корхоналар самарадорлигини янада ошириш имкониятлари замонавий технологиялар ва бошқарув ечимларини кенгроқ жорий этиш, ишлаб чиқаришни модернизация ва автоматлаштириш, рақамли савдо каналларини ривожлантириш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш билан боғлиқ эканини кўрсатмоқда.
Бундай воситаларни комплекс қўллаётган корхоналарнинг юқорироқ натижалари уларни изчил жорий этиш меҳнат унумдорлиги ва инвестиция фаоллигини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Алоҳида йўналиш корхоналарни технологик янгилаш билан боғлиқ. Сўров натижалари янги маҳсулот ва технологияларни жорий этиш, талабнинг ўсиши ва инвестиция фаоллиги ўртасида ўзаро боғлиқлик мавжудлигини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, корхоналарнинг ярми (51 фоиз) модернизация, янги маҳсулот, хизмат ва инновацияларни жорий этиш ҳисобига кейинги технологик янгиланиш учун имкониятларни сақлаб қолмоқда.
Рақамли ечимларни янада кенг жорий этиш уларни татбиқ қилиш шароитларига ҳам боғлиқ. Тадбиркорлар баҳосига кўра, интернет инфратузилмасини яхшилаш (13 фоиз), малакали мутахассислар имкониятларини кенгайтириш (10 фоиз) ва технологияларни жорий этиш билан боғлиқ молиявий харажатларни камайтириш (9 фоиз) рақамлаштиришни ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.
Кадрларга бўлган эҳтиёж тадқиқотнинг бошқа натижаларида ҳам ўз тасдиғини топган. Корхоналар турли малакага эга мутахассислар, жумладан, IT ва муҳандислик-техник кадрлар етишмаслигини қайд этган.

Умуман, сўров натижалари бизнес самарадорлигини янада ошириш алоҳида рақамли воситалардан фойдаланишдан уларни бевосита ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларига жорий этишга ўтиш билан боғлиқ эканини кўрсатмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хулосалари Жаҳон банки тадқиқотлари натижалари билан ҳам мос келади. Корхоналар маълумотлари таҳлили шуни кўрсатадики, меҳнат унумдорлигининг энг сезиларли ўсиши рақамли технологияларга базавий киришдан мураккаброқ ечимлардан фойдаланишга ўтишда, жумладан, булутли сервислар, бошқарув тизимлари, таҳлил ва сунъий интеллектни қўллашда кузатилади. Шу билан бирга, рақамли тўловлар ва онлайн-савдонинг ўзи ички бизнес жараёнларидаги ўзгаришлар билан бирга кечмаса, чекланган самара беради.
Технологик янгиланишнинг ҳали тўлиқ ишга солинмаган салоҳияти, аввало, бошқарув ва рақамли компетенцияларни ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда технологияларга киришни қўллаб-қувватлашдан уларни корхоналарда амалий жорий этишга ўтишга боғлиқ.
Бундай ёндашув иқтисодий ўсиш бўйича замонавий тадқиқотлар билан ҳам уйғун бўлиб, улар узоқ муддатли меҳнат унумдорлиги ўсишини янги билимларнинг тарқалиши ва уларни амалиётда қўллаш билан боғлайди.
Шу муносабат билан бизнесни қўллаб-қувватлашнинг кейинги чоралари технологияларни корхоналарнинг ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларига амалий жорий этишни кенгайтиришга йўналтирилиши лозим.
Моҳигул Қосимова, ЎзА