“Бизда бундай имконият бўлмаган”
Самарқанд юридик техникумида мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда уч авлод учрашуви ўтказилди.
Тадбирда ҳуқуқий хизмат соҳаларида ишлаган фахрийлар, айни пайтда мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси тизимида фаолият кўрсатаётган ходимлар ҳамда техникум ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.
– 1986 йилда ўқишни тугатиб, суд ижроси бўлиб ишга келганман. Шу билан роппа роса 32 йил узлуксиз ишлаб, 2018 йилда нафақага чиқдим, – дейди мажбурий ижроси бюроси фахрийси Мамаюсуф Хидиров. – Биз ўқиган, ишлаган даврда ҳозиргидек шароитлар бўлмаган. Бугун давлатимиз томонидан ёшларга, уларнинг таълим-тарбиясига, ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган имкониятлар ҳавас қилса арзигулик. Бу имкониятлардан фойдаланиб, яхши ўқиш, давлатимизга садоқат билан ишлаш керак.

Соҳа фахрийлари ва ходимлари ўз фаолиятида орттирган тажрибалари билан ўртоқлашиб, бўлажак ҳуқуқшунослар эгаллашлари керак бўлган кўникма ва тушунчалар ҳақида сўз юритдилар. Муомала маданиятини юксалтириш, фуқаролар мурожаатлари, аҳоли муаммолари билан ишлаганда қонун доирасида ечим топиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларига зид хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик юзасидан тавсиялар берилди.
Тадбир давомида техникум ўқувчиларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб берилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА