Биз ажримларга қаршимиз!
Меҳр-муҳаббат, дўстлик ришталарига дарз кетиб, фарзандлар бунинг жабрини чекмоқда.
Никоҳ – муқаддас ришта. Барча даврларда ҳам эр ва хотин ўртасидаги гўзал оилавий муносабатлар, ширин неъмат бўлган фарзандларнинг дунёга келиши, авлодлар давомийлиги улуғланган, муқаддас, деб таъриф этилади. Оила мамлакат ичидаги кичик жамият бўлиб, унинг аҳиллиги, бирдамлиги ва жипслиги бутун халқнинг мустаҳкамлигига хизмат қилади.
Аллоҳнинг амрига биноан ҳамма ишда оила раҳбарига итоат ва қулоқ тутмоқ лозимдир. Бахтли ҳаёт кечиришни истаган аёл турмуш ўртоғининг сўзларини тинглаши, умумий манфаатларга хизмат қилувчи интилишларига рағбат ва қаноат бағишлаши жоиз.
Президентимиз ўтган йили декабрда ёшлар билан учрашуви чоғида сўнгги йилларда тобора ортиб бораётган ажримларга фожиа деб қараш кераклигини, бунинг олдини олиш учун қандай самарали услублар ва механизмларни ҳаётга жорий этиш ҳақида фикр билдирган эди.
Албатта, бир оиланинг бунёд бўлиши ва унинг яшаб қолиши, жамиятда чуқур илдиз отиб, навқирон дарахт каби ўсиши ноёб ҳодиса. Бунда айниқса хонадон бошлиқлари – эркакларнинг ўрнини ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди. Ичкиликка муккасидан кетиш, тайинли бир ишнинг бошини тутмаслик, ноўрин рашк, жоҳиллик каби иллатлар уларнинг обрўсини шубҳасиз, туширади.
Бироқ, иш амалиётида ўрганишларимиз чоғида ажримларда аёлларнинг ҳам салбий қусурлари катта сабабчи бўлаётганига гувоҳ бўлаяпмиз.
Энг ёмони, тарбиядаги оқсоқликлар сабабли баъзи аёллар аксинча, эрга итоат қилишни хору зорлик, ўзини пастга уриш, мутелик деб тушунишгача етиб боришмоқда. Ана шундай саркашликлар натижасида орасидаги кичик тушунмовчиликлар катта можароларга айланиб кетмоқда.
Айрим худбин аёллар эса турмуш ўртоқлари хорижга рўзғори учун минг машаққат билан ишлашга кетганида, ўзини «озод қуш» деб билиб, хиёнат кўчасига кирмоқда, айримлари яшириқча телеграмм ва фейсбук тармоқлари орқали ўзига маъшуқ тутиб, кўз, тил ва дил зиносига йўл қўйишмоқда, ҳеч бир одоб ва ахлоқ меъёрларига тўғри келмайдиган гуноҳга қўл урмоқда.
Меҳр-муҳаббат, дўстлик ришталарига дарз кетиб, фарзандлар бунинг жабрини чекмоқда. Айрим калтабин аёлларни тартибга чақирганимизда эса «эримдан алимент ундириб, таралла-ялло қилиб яшайвераман, сизлар оилавий ишимизга аралашманглар», деган танбеҳларни ҳам эшитишга тўғри келмоқда.
Ачинарли томони, йигит ва қиз бир-бири билан яшаш истагини билдириб турганига қарамай, улар ҳаётига учинчи шахсларнинг яъни ота-оналар, қайнона-қайноталар, ака-укалар ва ҳоказоларнинг аралашуви билан барбод бўлаётган оилаларга гувоҳ бўлаяпмиз.
Айниқса, фарзандсизлик ажримларнинг муҳим сабабларидан бўлиб қолмоқда. Бу каби оилалар билан ҳоли тарзда суҳбатлар қуриб, кўпинча даволаниш орқали бу муаммога ечимлар топиш мумкинлигини тўғри тушунтираяпмиз ва махсус клиникаларда муолажа олиб қайтган ёшлар фарзанд бахтига муяссар ҳам бўлмоқда.
Ёшлар билан тизимли ишлаш, муаммога профессионал ёндашиш, оила боқувчисини иш билан таъминлаш, моддий етишмовчиликларни ҳомийлар кўмагида ҳал қилиш, ажримларнинг асл сабабларини аниқлаб, унинг мудҳиш оқибатларини онгли равишда тушунтириш натижасида жорий йилнинг ўтган 5 ойида ажримлар сони ўтган йилнинг мос даврига қараганда 94 тага камайишига эришилди ва жами 583 тани ташкил қилди.
Қашқадарё вилоятида 771 та маҳалла бўлиб, ажрим ёқасига кериб қолган 1148 та оилаларни яраштириш устида муттасил ишланмоқда. Маҳалла оқсоқоллари ва мутахассислари, фаоллари билан битмаётган муаммоли баҳсларни малакали психолог, кўпни кўрган нуронийларимиз, имом-хатиблар, отинойилар ва кайвони отахон-онахонларни жалб қилиб, жиддий шуғулланаяпмиз. Бу ишда соҳага ихтисослашган судьялар, оилавий масалалар билан машғул адвокатлар ҳам четда қолишмаяпти, ўз ҳуқуқий билимларини ўртоқлашмоқда.
Вилоятда ажримлар рўй бериш эҳтимоли юқори бўлган 637 та нотинч оилалар қайд этилган, уларнинг ҳар бири билан манзилли тарзда ишланмоқда. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир ходим чуқур ички масъулдорлик билан «Биз ажримларга қаршимиз» ғояси асосида ишламоқда.
Эътиборли томони шундаки, ҳамма бахтиёр яшашни истайди. Гўзал муомала, яхши хулқ, бир-бирини тушуниш ҳисси билан яшаган оилалар доимо саодатга эришади.
Юлдуз РАВШАНОВА,
Қашқадарё вилояти Маҳалла ва оилани
қўллаб-қувватлаш бошқармаси бўлим бошлиғи