«Биз Амир Темур авлодларимиз!»
Бугун Ўзбекистон тарихида жуда муҳим сана нишонланмоқда. Дунёга машҳур жаҳонгир, «Етти иқлим ҳукмдори», соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кунга 9 апрель санасида 685 йил тўлди.
Бу сана нафақат Ўзбекистон учун, Марказий, Жанубий, Ғарбий Осиё мамлакатлари, қолаверса, Россия, Кавказ, Волга сарҳадлари учун ҳам жуда катта аҳамиятга эга бўлган тарихий воқеликдир.
Шу муносабат билан буюк саркарда таваллудининг 685 йиллигига бағишлаб Фарғона давлат университетида ҳам давра суҳбатлари, акциялар, спорт тадбирлари ташкил этилмоқда.
Жумладан, эрта тонгдан Фарғонанинг марказий кўчаларида ёшлар жўрлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси янгради. «Биз Амир Темур авлодларимиз!» шиори остидаги югуриш марафонига старт берилар экан, талабалар сафи маҳалла ёшлари билан янада кенгайиб кетди.
Марш марафонидан сўнг университет спорт мажмуасида ўқитувчилар ва талабалар тонги бадантарбия машқларига кўтаринки кайфиятда, ўзгача завқ билан киришдилар.
Спорт мусобақаларидан сўнг байрам тадбирига йиғилган иштирокчилар миллий давлатчилигимиз асосчиси бўлган Амир Темурнинг шонли тарихи ва унинг такрорланмас бошқарув услуби тўғрисида мулоқот қилдилар.
Тадбирда иштирок этаётган университетнинг ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат масалалари бўйича проректори И.Носиров ёшлар билан юзма-юз мулоқот олиб борар экан, ўз сўзида Амир Темур - сиймоси биз учун абадий барҳаёт экани, соҳибқирон ҳозир ҳам ўзлигимизни англаш, миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасидаги улуғвор ишларда халқимизга маънавий куч бағишлаб келаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Суҳбат давомида темурийларнинг миллий давлатчилик, илм-фан, маданият, бунёдкорлик ва бошқа соҳалардаги улкан мероси, дунё цивилизацияси равнақига темурийларнинг қўшган улкан ҳиссаси, Амир Темурнинг юртпарвар ғоялари тўғрисида қизғин муҳокамалар ёшлар қарашлари, мунозараларида давом этди. Айниқса тадбирда санъатшунослик факультети талабалари томонидан ватанпарварлик туйғулари тараннум этилган қўшиқларнинг ижро этилиши, шунингдек, ҳарбий таълим факультети талабаларининг жанговор машқлар билан чиқишлари - ёшлар қалбига юрт олдидаги бурч ва вазифаларини беихтиёр олиб кирди.
Ёшларда Ватанга муҳаббат, элга садоқат руҳиятини жонлантирган ушбу тадбир орқали келажагимиз ворислари кўз ўнгида Соҳибқирон Амир Темур шахсиятига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.
Фарғона давлат университети
матбуот хизмати