Биз албатта енгамиз!
Дунё миқёсида тарқалган коронавирус Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Халқимиз мураккаб синовни бошидан кечирмоқда.
Дунё миқёсида тарқалган коронавирус Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Халқимиз мураккаб синовни бошидан кечирмоқда.
Бу фалокатдан қутилиш учун, карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, сабр – бардошли, интизомли бўлмоқ шарт. Буни чуқур англаган ҳолда биз ёши улуғ бобо, бувижонлар янаям оилага, фарзанд, невараларга яқин бўлишимиз улар учун ҳаёт сабоқларини беришимиз учун фурсатдир.
Жумладан, китоб ўқиш, уйда спорт билан шуғулланиш, пазандалик, уйни саранжом – саришта қилиш, бичиш – тикишга ўргатиш каби ишларни қизларимизга, ўғил болаларимизни бирон бир ҳунарга йўналтирсак, ҳовлидаги экин тикин ишларини ўргатсак мақсадга мувофиқ бўлади.
Донолар “Онадан 90 фоизи яхши хислатлар қизларига, оталардан эса ўғилларига меҳнатсеварлик, мардлик, одиллик каби хислатлар ўтади”, дейишади.
Айниқса, китоб ўқиш – фарзандларимизда дунёқарашни, фикрлаш қобилиятини ривожлантиради. Бу бор, ҳақиқат. Ахир кимнинг ҳаёти тартибли, ким соғлом, ким бахтли, албатта, китоб ўқиган илмсеварнида. Севимли шоиримиз Зулфия Мўминовани “Болага китоб беринг” шеърини ҳар бир ўқувчи ёд билиши лозим. Китобхон юртни – асло енгиб бўлмайди. Болаларимизда ушбу фазилатларни намоён қилишларида ота – оналар, айниқса бувижон ва бобожонларнинг ўрни беқиёсдир.
Биз катталар аввало, ўзимиз улар учун ибрат бўлмоғимиз керак. Зеро, намуна – бу энг яхши тарбиядир! Болажонларимизни соғлом турмуш тарзига эътибор бериб, гимнастика машқлар билан узлуксиз шуғуллантириш ва уларни доимий назорат қилиш биз катталар зиммасидаги вазифа.
Президентимизнинг учинчи маротаба видеоселектор орқали халқимизга қилган мурожаатларини тажрибали муаллима, она, аёл сифатида юксак ҳаяжон билан тингладим, титрадим, қалбим жунбушга келди.
“Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларини қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг”. Бу гапларнинг ортида юрт эртаси ҳақида қайғуриш бор, ҳар бир инсон, айниқса ҳар бир ўғил қиз учун ғамхўрлик ҳисси бор.
Ҳамид Олимжонни Ҳамид Олимжон қилган унинг ёшлигида бувижониси сўйлаб берган эртаклар эмасми?
Узоққа бормайлик, 32 ёшли Колумбия университетининг профессори, 9 тилни биладиган Азизахон қизимизни ютуқларини жаҳон аҳли тан олгани, Президентимизнинг эътирофлари ҳам яққол мисолдир. Ҳозирги карантин даврида онажонларимиз витаминли – кўкатлар (масалан, исмалоқ, жағ-жағ, пудина) дан таомлар тайёрлаб яъни кўк сомса, кўк чучвара, исмалоқ печак кабиларни қизлари билан биргаликда тайёрлашса, бувижонларимиз эса ҳолвайтар каби тансиқ таомларни пишириб набираларига тортиқ қилсалар айни муддаодир.
Қадимдан бизнинг “Анзират бувилари”миз миллатни сақлаб қолиш, қадриятларимизни авайлаб-асраш, тарбиянинг нозик томонларини фарзандларимизга сингдиришда катта аҳамият беришган.
Баъзида боламизга ножўя ҳаракатлари учун ҳадеб танбеҳ бераверсак, у безиб қолади. Тўғрида у болада, эркалиги, инжиқлиги бор. Ана шундай кезларда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг, “Болага мен сени жуда яхши кўраман, фақат нуқсонингни ёмон кўраман” деган ҳикматларини ёд этсак ва шунга монанд фарзандларимиз тарбияси учун жон куйдирсак, бундан албатта ютамиз.
Шу кеча-кундуздаги қийинчиликлар вақтинчалик эканини каттаю-кичик бирдек англаб, бардошли бўлайлик. Бу синовли кунлар ҳам ортда қолади, барчамиз ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилсак, вирус балосидан тезроқ қутуламиз.
Қийинчилик пайтида сабрли бўлиш – бу яхшиликдир!
Халқимиз имонли, эътиқодли халқ!
Ахир, имонни ҳам иккита қаноти бор дейишади: бири шукур, иккинчиси сабр! Шу ўринда Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатида таъкидлаб ўтган Шарқ донишмандларининг чиройли ҳикматларини келтириб ўтсам:
“Энг катта бойлик – бу ақл заковат ва илм,
Энг катта мерос – бу яхши тарбия,
Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир”.
Мен ишонаман, биз албатта енгамиз. Яъни бу синовли дамлардан бир мушт бўлиб, ҳамжиҳат бўлиб чиқамиз. Чунки бунинг учун барча асосларимиз яъни тарих, бетакрор турмуш тарзи, фазилат, шарт шароит ва муҳими Давлатимизнинг ғамхўрлиги бор.
Муҳаббат ШАРОПОВА,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Халқ депутатлари Қашқадарё
вилоят Кенгаши депутати