Битирувчиларни иш билан таъминлаш муҳим вазифа
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида “Карьера куни” ва “Бўш иш ўринлари” ярмаркаси ўтказилди.
Тадбирда институт ректори Орифжон Бозоров сўзга чиқиб Президентимиз томонидан ёшларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини, ёшларга кенг имкониятлар берилаётганини эътироф этди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, профессор Саидаҳрор Ғуломов, Китоб туманидаги “Qarshi Conch Cement” МЧЖ хусусий корхонаси масъул ходими жаноб Чен Жиа ҳам ўз мулоҳазаларини билдирди.
“Карьера куни” ва “Бўш иш ўринлари” ярмаркаси доирасида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, “Qarshi Conch Cement” МЧЖ хусусий корхонаси, “Ўзэнергоинспекция” Қашқадарё ҳудудий бўлими ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Институт ҳовлисида ёш олимлар томонидан илмий тадқиқот ишлари намойиш этилди. Шунингдек, институт бош биноси, иқтисодиёт ҳамда нефт ва газ факультетларида талабалар ва битирувчилар учун давра суҳбати, маҳорат дарси ҳамда семинар-тренинглар, битирувчи курс талабаларининг бўш иш ўринларига қабул қилинганлиги тўғрисидаги сертификатларни топшириш тадбирлари ўтказилди. Нефт ва газ факультетида асосий хорижий ҳамкор олий таълим муассасаларидан бири – Беларусь миллий техника университети билан телекўприк ташкил этилди.
Тадбирда “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ, “Uzbekistan GTL”, “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” АЖ, “Ўзстандарт” агентлиги Қашқадарё филиали, Деҳқонобод калий заводи, Қашқадарё вилояти марказий банки, Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти каби 50 дан ортиқ корхоналар, муассасалар мутахассислари ва иш берувчилари иштирок этди.
– Жорий ўқув йилида бакалавр таълим йўналиши ва магистратура мутахассисликларини 2074 нафар битирувчи тамомлайди, – дейди институт маркетинг ва талабалар амалиёти бўлими бошлиғи Анвар Жўраев. – Ҳозирда улардан 717 нафари ўз иш ўрнига эга. Бундан ташқари, қуйи босқич талабаларидан 964 нафари ҳам ишли бўлган. Бугунги тадбирда ҚарМИИ талабаларидан яна 1211 нафари ўз иш ўрнига эга бўлди. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, институт ёшлари орасида “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ ва “Uzbekistan GTL” МЧЖ компанияси томонидан эълон қилинган стипендия дастури ва амалиёт ўташ бўйича эълон қилинган танловларда ғолиб бўлган талабаларга сертификатлар топширилди.
–Ўтган йили “Uzbekistan GTL” корхонаси томонидан таъсис этилган стипендиялар танловида ғолиб бўлган эдим, – дейди нефт ва газ факультети талабаси Музаффар Ҳамидов. – Куни кеча амалиётни ҳам шу заводда ўтказдик. Насиб қилса, бу йил институтни тамомлаб, ишни ҳам ўша ерда бошлашни ният қилиб турибмиз. Амалиёт даврида ўзимиз учун янгилик бўлган кўплаб маълумотларга, кўникмаларга эга бўлдик. “Карьера куни” битирувчи талабаларнинг ўз иш ўрнига эга бўлишига, ўз мақсадларига эришишига катта ёрдам беради. Юртимизда бўлгани каби институтда ҳам талабаларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, институтда таълим олаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишлашга эҳтиёжи бор талаба-ёшларнинг 62 нафари олийгоҳдаги мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштирилди. 308 нафар талабани институт ҳудудида жойлашган савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарига ишга жалб қилиш орқали бандлиги таъминланди.
[gallery-11805]
Бир сўз билан айтганда, бугунги тадбир фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни янада ривожлантириш, талаба-ёшларнинг бандлигини таъминлашда белгиланган давлат сиёсатининг амалдаги ифодаси бўлди.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА