Битирувчилар ишончни оқлашга ваъда берди
Андижон машинасозлик институтида битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Андижон машинасозлик институтини жорий ўқув йилда ўнта ихтисослик йўналиши бўйича 16 нафар магистр, 23 ихтисослик йўналиши бўйича 803 нафар бакалавр битирди. Бундан ташқари, Шимолий Хитой технологиялари университети ҳамда Белорусия миллий технологиялар университети билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма таълим дастурлари доирасида 18 нафар йигит-қиз тамомлади.
[gallery-18369]
Меҳнат бозорига йўл олган ёш мутахассисларга диплом топшириш маросимида институт проректорлари, факультет деканлари, профессор-ўқитувчилар, битирувчилар ҳамда уларнинг яқинлари иштирок этди.
– Энг аввало, битирувчи ёшларимизни мустақил ва янги ҳаёт сари қадам қўяётгани билан табриклайман, – дейди институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори, физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори Суҳробжон Алиев. – Институтни тамомлаган малакали муҳандис ва иқтисодчилар мамлакатимиз халқ хўжалигининг турли жабҳалари, асосан, автомобилсозлик саноати корхоналарида самарали иш олиб боришига ишонаман.
Тадбир давомида ўқитувчилар, ота-оналар вакиллари сўз олиб, битирувчиларнинг келгуси ишларида омад тилади. Ўз навбатида битирувчи ёшлар ҳам ота-оналари, устозлари ишончини оқлашга, ҳаётда муносиб ўрин топишга ваъда берди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари