Битирувчилар бандлиги — устувор вазифа: банк ва университет ҳамкорлиги
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Айниқса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар пайшанба кунининг “Ёшлар куни” деб эълон қилиниши ўғил-қизларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, улар билан очиқ мулоқот ўрнатишда янги тизимни бошлаб берди. Бу борадаги ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида Тошкент давлат аграр университетида битирувчи ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни инновацион бизнес лойиҳаларига йўналтириш мақсадида ташкил этилган навбатдаги учрашув ҳам амалий натижаларга бой бўлди.

“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан “Келажакка қадам” дастури доирасида ташкил этилган ушбу мулоқотда 500 га яқин йигит-қиз иштирок этиб, ўзларининг стартап ғоялари ва истиқболли режаларини баён этдилар. Таъкидлаш жоизки, жорий йилда мазкур университетнинг 2 500 нафарга яқин талабаси катта ҳаёт остонасига қадам қўяди. Уларнинг илмий салоҳиятидан аграр соҳада самарали фойдаланиш мақсадида банк ва олий таълим муассасаси ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Тошкент давлат аграр университети ректори Нарзулло Обломуродов қайд этганидек, бугунги кунда ёшларнинг 20 миллион сўмдан 10 миллиард сўмгача бўлган қийматдаги лойиҳалари банк томонидан кўриб чиқилмоқда. Бу, ўз навбатида, қишлоқ хўжалигида янги иш ўринлари яратилиши ва соҳага инновацион ечимлар кириб келишига хизмат қилади.
Учрашув давомида талабалар томонидан билдирилган 11 та мурожаат ва таклифлар атрофлича ўрганилди. Натижада “Бизнес прогресс” кредит маҳсулоти доирасида 1,4 миллиард сўмлик 2 та йирик лойиҳа ҳамда “Тадбиркорликка илк қадам” дастури асосида жами 260 миллион сўмлик 13 та лойиҳа тақдим этилди.
Тадбирда иштирок этган битирувчи Нурмуҳаммад Абдужабборовнинг агрошифохона очиш бўйича илгари сурган стартап ғояси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Зараркунандаларга қарши биологик курашиш ва деҳқонларга илмий асосланган кўмак беришни мақсад қилган ушбу лойиҳанинг ижобий баҳолангани ёш мутахассислар учун берилаётган юксак имкониятнинг амалий ифодасидир.
Дастур доирасида талабалар нафақат молиявий кўмак, балки бизнес-режаларни шакллантириш, имтиёзли кредитлар олиш тартиби ва тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан йўлга қўйиш бўйича мутахассислардан зарур тавсиялар олди. Бу каби учрашувлар битирувчи ёшларнинг жамиятда ўз ўринларини топиши, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва мамлакат иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшиши учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда.
Ёшлар ва банк вакиллари ўртасидаги бундай юзма-юз мулоқотлар фақатгина молиявий масалаларни ечиш билан чекланиб қолмай, балки эртамиз эгаларининг ўз келажагига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, илм ва тадбиркорлик уйғунлиги аграр соҳани янги босқичга олиб чиқувчи асосий кучдир. Бугунги ёшларнинг ташаббуслари эса яқин келажакда юртимизнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорлигини таъминлашда ўз мевасини беради.
Мадина Насриева,
ЎзА