Битирувчилар бандлиги – долзарб масала
Нукусда “Кучли ижтимоий ҳимоя – асосий мақсадимиз” лойиҳаси доирасида тадбир бўлиб ўтди.
Нукусда “Кучли ижтимоий ҳимоя – асосий мақсадимиз” лойиҳаси доирасида тадбир бўлиб ўтди.Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, журналистлар иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, турмуш шароитини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Партия электорати вакилларининг сиёсий-иқтисодий билимини янада ошириш, маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг аҳоли билан мулоқотини ташкил этиш, мамлакатимизда қабул қилинаётган янги қонунлар, меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, ижтимоий шериклик асосида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни жойида ҳал этишга кўмаклашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
– Ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан бирга аҳоли бандлигини таъминлаш, кам таъминланган аҳоли қатламларига берилаётган имтиёзлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий ҳимоя тизимини янада кучайтириш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди, – дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Қ.Қурбонбоев. – Ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатлами, пенсионерлар, ногиронларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш бўйича партия дастуридаги вазифаларни амалга ошириш чоралари белгиланди.
Тадбирда коллеж битирувчилари учун бериладиган имтиёзли банк кредитларини олиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар учун солиқ имтиёзлари тўғрисида атрофлича маълумот берилди.