Битирувчи талабалар бандлиги доимий эътиборда
Тошкент вилояти ҳокимлигида жорий йилда олий таълим муассасаларини тамомлаган битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, Хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Малика Қодирхонова, вилоятдаги тегишли бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда университетлар мутасаддилари иштирок этди.
Тадбирда бугунги кунда ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва ҳаётга мустақил қадам қўйишларида зарур шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланди.
[gallery-25278]
Шунингдек, олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш йўналишида вилоятда амалга оширилаётган чора-тадбирлар таҳлил қилиниб, келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ҳудудда фаолият юритаётган олийгоҳларда жорий йил битирган талабаларнинг 80 фоизга яқининг бандлиги таъминланган. Хусусан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси қарамоғидаги имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган талабаларни ишга жойлаштириш, хонадонида даромад оладиган касб билан шуғулланиши чораларини кўришга алоҳида эътибор қаратилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, жойлардаги хусусий секторлар раҳбарларига ногиронлиги бўлган шахсларни корхоналарда ишга жойлаштириш орқали солиқлардан имтиёзлар, субсидиялар борлиги тушунтирилмоқда. Биргина Бекобод туманидаги “Хонқизи” текстиль корхонаси 20 нафар ногиронлиги бор инсонларни ишга олган. Ҳозирги кунда бу корхонанинг 10 миллиард сўмлик буюртмаси бор.
Мулоқот давомида масъуллар жойларда ўтказилаётган тарғибот-суриштирув ишлари давомида ҳудудлар имкониятидан келиб чиққан холда ёшлар орасида якка тартибдаги тадбиркорларни ҳам шакллантириш, уларга самарали иш олиб боришига йўл очиш зарурлиги айтилди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.