Бишкекда ШҲТга аъзо давлатлар таҳлилий марказлари форуми бўлиб ўтди
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар таҳлилий марказлари форуми бўлиб ўтди.
Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий стратегик ташаббуслар институти томонидан ташкил этилган тадбир ШҲТнинг 25 йиллик юбилейига бағишланди.


Анжуманда ташкилотга аъзо давлатлар таҳлилий марказлари раҳбарлари ва илмий доиралари вакиллари, маҳаллий расмийлар, шунингдек Бишкекдаги дипломатик корпус вакиллари қатнашди.
Иштирокчилар юқори даражадаги ялпи мажлис ҳамда турли мавзулардаги тўртта шўъба йиғилишида глобал беқарорлик шароитида ШҲТ майдони хавфсизлиги ва барқарорлиги, иқтисодий интеграция, транспорт-рақамли боғлиқлик, умумий интеллектуал маконни шакллантириш, тоғли ҳудудларни ривожлантириш, шунингдек халқаро муносабатлар трансформацияси шароитида тузилма таҳлилий марказлари ролини ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.


Форумнинг очилишида Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов сўзга чиқиб, минтақавий ҳамкорликнинг замонавий ривожланиш тенденциялари ҳамда ШҲТ+ форматидаги экспертлараро ҳамкорликнинг жорий ҳолатига тўхталди. Шунингдек, савдо тўсиқларини бартараф этиш, божхона тартиб-таомилини соддалаштириш, бизнес вакилларини умумий лойиҳаларга фаол жалб қилиш, шунингдек ташкилотнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси мақсадлари билан уйғунлигини мустаҳкамлаш мавзуларига эътибор қаратди.
Тадбир якунида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятини такомиллаштириш, тузилманинг стратегик салоҳиятидан янада самарали фойдаланишга йўналтирилган амалий таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда экспертлар мулоқотини янада чуқурлаштириш зарурлиги бир овоздан тасдиқланди.


Ғ.Хонназаров, ЎзА