Бишкек саммити: ШҲТ тараққиётининг янги босқичи ва халқ дипломатиясининг устувор вазифалари
Бугунги кунда халқаро муносабатлар тизими чуқур трансформация жараёнини бошдан кечирмоқда. Геосиёсий рақобатнинг кучайиши, халқаро хавфсизликка таҳдидларнинг янги шакллари пайдо бўлиши, жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши давлатлар олдига янгича ёндашувларни талаб қиладиган вазифаларни қўймоқда.
Бунда Бишкек саммитининг аҳамияти нечоғлик муҳим?
Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази бош мутахассиси Бурхониддин Акрамов билан суҳбатда ушбу саволга жавоб изладик.

– Бугунги шароитда ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқлилик, манфаатларни ҳурмат қилиш, маданиятлар ва цивилизациялар хилма-хиллигини эътироф этиш ҳамда тараққиёт учун биргаликда масъулиятни зиммага олиш тамойилларига асосланган халқаро ҳамкорлик механизмларининг аҳамияти янада ортмоқда.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ана шундай механизмлардан бири сифатида ўтган чорак аср мобайнида Евроосиё маконидаги муҳим кўп томонлама ҳамкорлик институтларидан бирига айланди. Шу маънода, Бишкек саммити сайёрамиз аҳолисининг катта қисмини, жаҳон энергия ресурслари ва Евроосиёнинг иқтисодий салоҳиятини қамраб олган энг йирик Евроосиё бирлашмасини ифодаловчи давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги учрашув майдонига айланиш билан бирга, Ташкилот ривожланишининг кейинги босқичини белгиловчи муҳим сиёсий воқеа сифатида катта аҳамият касб этади.
Қирғизистоннинг 2025–2026 йилларда ШҲТга раислиги доирасида белгиланган устувор йўналишлар ҳам Ташкилотнинг кўп қиррали хусусиятини акс эттиради. Бишкек саммити олдидан ШҲТ маконида ўтказилаётган турли даражадаги учрашувлар, эксперт форумлари, таҳлилий марказлар мулоқотлари ва маданий-гуманитар тадбирлар саммитга тайёргарлик фақат дипломатик даражада эмас, балки кенг жамоатчилик ва экспертлар иштирокида олиб борилаётганини кўрсатмоқда.
Ҳозирги босқичнинг асосий хусусияти шундаки, дунё халқаро тизимни кенг кўламда қайта қуриш даврига қадам қўйди ва ўнлаб йиллар давомида тўпланиб қолган жараёнлар бугунги кунда ортга қайтмас тус олмоқда.
– Айтинг-чи Бурхониддин ака, мазкур саммит ташкилот ривожи учун қайси жиҳати билан муҳим?
Бишкек саммити нафақат давлат раҳбарларининг навбатдаги учрашуви, балки бутун Ташкилот ривожида муҳим босқич бўлиши мумкин. Яқин йилларда Евросиёнинг энг йирик бирлашмаси ривожланишининг кейинги йўналиши кўп жиҳатдан Қирғизистон пойтахтида қабул қилинадиган қарорларга боғлиқ. Шу жиҳатдан Бишкек саммитидан асосий кутилмалардан бири — ШҲТнинг улкан салоҳиятини аъзо давлатлар аҳолиси манфаатларига хизмат қиладиган аниқ ва амалий лойиҳаларга янада фаол айлантиришдир. Бошқача айтганда, Ташкилот тараққиётининг кейинги босқичида «ШҲТ давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик майдони»дан халқлар ўртасидаги ҳамкорлик макони»га айланиши устувор вазифалардан бири бўлиши лозим.
– Нега халқ дипломатияси бугун стратегик аҳамият касб этмоқда?
– Замонавий дипломатия тобора кўпроқ инсон омилига таянмоқда. Давлатлар ўртасида сиёсий ва иқтисодий битимларни имзолаш мумкин. Аммо халқлар ўртасида ишонч бўлмаса, бундай келишувларнинг ижтимоий пойдевори етарлича мустаҳкам бўлмайди. Аксинча, жамиятлар бир-бирини яхши билса, маданияти ва анъаналарини ҳурмат қилса, ёшлар ўзаро мулоқот қилса, олимлар ҳамкорликда тадқиқотлар олиб борса, журналистлар мамлакатлар ҳақида холис ахборот тарқатса, давлатлар ўртасидаги муносабатлар ҳам мустаҳкам ва барқарор бўлади.
Шу нуқтаи назардан халқ дипломатияси расмий дипломатияга муқобил эмас, балки унинг табиий давоми ва ижтимоий таянчидир. ШҲТ маконида эса бу масала алоҳида аҳамиятга эга. Ташкилот турли тарих, маданият, тил ва анъаналарга эга давлатларни бирлаштиради. Мазкур хилма-хилликни муаммо эмас, аксинча, умумий тараққиёт манбаига айлантириш ШҲТнинг энг катта имкониятларидан биридир. Шу сабабли Бишкек саммити ШҲТ доирасида халқ дипломатиясининг институционал ва амалий механизмларини янада кучайтириш учун янги босқични бошлаб бериши мақсадга мувофиқ.
– Бу борада мамлакатимиз фаоллиги ҳақида нима дея оласиз?
– Ўзбекистон кейинги йилларда ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган кўплаб ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Уларнинг муҳим хусусияти — минтақада ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, яхши қўшничилик муҳитини қарор топтириш, иқтисодий боғлиқликни ошириш ва халқларни бир-бирига янада яқинлаштиришга қаратилганидир. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ёндашувида Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш устувор ўрин эгаллайди. Сўнгги йилларда минтақада шаклланган янги сиёсий муҳит бунинг амалий тасдиғидир. Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларининг бугунги юқори даражаси ҳам мазкур жараённинг ёрқин мисолидир. Икки давлат ўртасида савдо, саноат кооперацияси, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, энергетика ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар изчил кенгайиб бормоқда. Айниқса, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли каби стратегик лойиҳалар фақат транспорт инфратузилмасини ривожлантириш эмас, балки минтақалар ва халқларни ўзаро боғлаш нуқтаи назаридан ҳам тарихий аҳамият касб этади. Чунки йўллар нафақат товарларни, балки инсонларни, ғояларни, маданиятларни ва имкониятларни ҳам бир-бирига боғлайди.
– Саммитда қандай янги ташаббуслар илгари сурилиши кутилмоқда?
– ШҲТ ривожланишининг янги босқичида халқ дипломатиясини алоҳида ва тизимли ҳамкорлик механизми сифатида шакллантириш вақти келди. «ШҲТ Халқ дипломатияси платформаси»ни ташкил этиш истиқболли ташаббус сифатида эътироф этилмоқда. Ушбу платформа давлат тузилмалари ўрнини босмайди. Аксинча, у ШҲТ мамлакатларидаги халқ дипломатияси марказлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, университетлар, таҳлилий марказлар, оммавий ахборот воситалари, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари, маданият ва санъат вакиллари ўртасидаги алоқаларни мувофиқлаштирувчи кенг жамоатчилик майдони вазифасини бажариши мумкин. Хусусан, хавфсизлик, иқтисодиёт, экология, рақамлаштириш, сунъий интеллект, миграция, транспорт ва гуманитар ҳамкорлик соҳаларида қўшма тадқиқотлар амалга оширилиши муҳим саналади.
– Ахборот маконидаги ишончсизлик ва дезинформация замонавий дунёнинг жиддий муаммоларидан бирига айланган бир шароитда журналистлар ва медиа тузилмалари ўртасида тўғридан-тўғри профессионал алоқаларни кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада нималар кутилмоқда?
– Дарҳақиқат, 2026 йил июль ойида Бишкекда ШҲТ мамлакатлари медиа ва таҳлилий марказлари форумининг ўтказилгани бу йўналишдаги эҳтиёж ва имкониятлар юқори эканини яна бир бор кўрсатди. Шунинг учун ШҲТ мамлакатлари журналистлари учун доимий мулоқот тармоғи, қўшма медиа лойиҳалар ва ёш журналистлар дастурларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Бугун дипломатия фақат учрашув залларида эмас, рақамли маконда ҳам амалга ошмоқда. Шу сабабли ШҲТ халқларини, биринчи навбатда ёшларни бирлаштирувчи кўп тилли рақамли платформалар, онлайн мулоқот майдонлари, таълим ресурслари ва виртуал маданий лойиҳаларни яратиш истиқболли йўналиш ҳисобланади.
– Ушбу саммитда яна нималарга эътибор бериш муҳим деб ҳисоблайсиз?
– Бишкек саммити олдидан яна бир муҳим масалага эътибор қаратиш лозим. ШҲТнинг келажакдаги нуфузи фақат унинг географик кўлами ёки иштирокчи давлатлар сони билан эмас, балки қабул қилинган қарорларнинг амалий натижаси билан белгиланади. Шу боис Ташкилот фаолиятида «ташаббусдан — амалий лойиҳага, келишувдан — натижага» тамойилини янада кучайтириш муҳим. Масалан, ШҲТ доирасида ёшлар алмашинуви бўйича аниқ дастурлар, университетлараро ҳамкорлик тармоқлари, туристик маршрутлар, маданий фестиваллар, илмий грантлар, жамоат ташкилотларининг қўшма лойиҳалари ва рақамли мулоқот платформаларининг сони кўпайиши оддий фуқаролар учун Ташкилотнинг амалий аҳамиятини оширади. Шунда ШҲТ инсон ҳаётидан узоқ бўлган халқаро институт эмас, балки одамларга янги имкониятлар яратаётган ҳамкорлик макони сифатида қабул қилинади.
– Мавзу юзасидан ўз хулосангиз билан ўртоқлашсангиз.
– Хулоса қилиб айтганда, 2026 йилги Бишкек саммити ШҲТ тарихида рамзий аҳамиятга эга. Ташкилот ўзининг чорак асрлик тараққиёт йўлини босиб ўтиб, янги давр остонасида турибди. Энди асосий масала — ўтган йилларда яратилган улкан сиёсий, иқтисодий ва институционал салоҳиятни халқлар фаровонлигига хизмат қиладиган амалий ҳамкорлик механизмларига айлантиришдан иборат.
Ташкилотнинг келгуси тараққиётида халқ дипломатияси стратегик йўналишлардан бири бўлиб қолиши лозим. Чунки ШҲТнинг ҳақиқий кучи фақат давлатларнинг ҳамкорлигида эмас, балки унинг халқлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстликда намоён бўлади. Давлатларни яқинлаштиришдан халқларни яқинлаштиришга, ҳамкорликдан — ҳамжиҳатликка, ўзаро манфаатдан — умумий келажак сари ҳаракат қилишга урғу қаратилса, айни муддао бўлади.
Зеро, ШҲТнинг келажаги фақат саммитларда қабул қилинадиган қарорлар билан эмас, балки ушбу қарорларни қўллаб-қувватлайдиган, уларнинг моҳиятини ҳис қиладиган ва ўзаро ҳамкорликнинг реал иштирокчисига айланадиган халқлар билан белгиланади.
ЎзА мухбири Шербек Исломов суҳбатлашди.