Бирлик ва бағрикенглик – Янги Ўзбекистоннинг бебаҳо бойлиги
Дунёнинг турли нуқталарида геосиёсий тебранишлар ва миллатлараро зиддиятлар кузатилаётган бугунги мураккаб даврда барқарорлик ва ижтимоий аҳилликни сақлаб қолиш ҳар бир давлат учун энг устувор вазифага айланди. 30 июль – Халқлар дўстлиги куни арафасида давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган байрам табриги шунчаки шукроналик сўзлари эмас, балки мамлакатимизда қарор топган ягона ва аҳил жамиятнинг аниқ кўриниши ҳамда стратегик нигоҳидир.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда” деган эзгу ғоя бугун қуруқ шиор эмас, балки миллионлаб ватандошларимизнинг кундалик ҳаёт тарзи, жамиятимизнинг бош ҳаракатлантирувчи кучига айланди.
Ўзбекистон замини азалдан турли цивилизациялар, маданиятлар ва эътиқодлар туташган бағрикенг манзил бўлиб келган. Синовли кунларда бошқа миллат вакилларига ўз уйидан жой бериб, бир бурда нонини баҳам кўрган халқимизнинг олижаноб қадриятлари бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Янги Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни таъминлаш институционал асосда амалга оширилмоқда. Соҳада қабул қилинган норматив -ҳуқуқий ҳужжатлар ва миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати концепцияси юртимизда яшаётган 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайдиган мустаҳкам қалқондир.
Яратилган бундай бағрикенг муҳитни юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ўз ҳаётларида ҳар куни ҳис этмоқда. Масалан, рус миллатига мансуб ўқитувчи шундай дейди: “Мен Ўзбекистонда туғилиб ўсдим. Бу ерда рус тилида эркин мулоқот қилишимиз, фарзандларимизнинг ўз она тилида сифатли таълим олиши ва байрамларимизни нишонлашимиз учун барча шароит яратилган. Ўзбекистондаги 157 та миллий маданий марказ ва мактабларда 7 тилда ўқитиш тизими йўлга қўйилганининг ўзи турли миллат вакилларига бўлган юксак эътибор ва ҳурматнинг ёрқин исботидир”.
Дарҳақиқат, юртимизда оммавий ахборот воситалари орқали турли тилда кўрсатувлар узатилиб, газета ва журналлар нашр этилаётгани ҳар бир миллатнинг ўз маданиятини авайлаб-асрашига хизмат қилмоқда. Пойтахтимиздаги миллий маданий марказлар павильони, “Янги Ўзбекистон” паркидаги “Бағрикенглик боғи” ҳамда ҳудудлардаги этно ва сайёҳлик қишлоқлари жамиятимизнинг ранг-баранг маданий қиёфасини намоён этмоқда.
Соҳадаги ислоҳотлар фақатгина маданий соҳа билан чекланиб қолмай, ижтимоий ва сиёсий ҳаётда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Турли миллатга мансуб юртдошларимиз орасидан ўнлаб депутат ва сенаторлар, давлат ва жамоат арбоблари, таниқли олимлар, санъаткорлар ва тадбиркорлар етишиб чиқди. Уларнинг 2 минг нафарга яқини давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирлангани инсон қадри ҳар нарсадан устун эканини кўрсатади.
Турли маданиятларни бирлаштирувчи энг кучли восита – бу санъатдир. Давлатимиз раҳбари томонидан турли миллат ва элат вакилларидан иборат профессионал “Дўстлик” ансамблини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилгани умумбашарий бирлик ва аҳилликка хизмат қилувчи муҳим ижодий қадам бўлади. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувлик борасидаги модели нафақат мамлакат ичида, балки бутун Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик, очиқлик ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнамоқда. Борди-келдиларнинг эркинлашгани, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларнинг кенгайгани минтақа халқларининг азалий орзулари рўёбга чиқаётганидан далолат беради.
Қозоқ миллатига мансуб танишим минтақавий дўстлик ва келажак ҳақида тўхталиб шундай дейди, “Марказий Осиё халқларининг қадимдан муштарак мақсадлар асосида яшаб келганини яхши биламиз. Охирги йилларда қўшни мамлакатлар билан чегараларнинг очилиши, эркин борди-келдининг йўлга қўйилгани оилаларимиз ва халқларимиз ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлади. Биз ягона келажак, ягона мақсад йўлида бирлашганмиз”.
Халқлар дўстлиги – бу шунчаки байрам ёки ташқи кўриниш эмас, балки муқаддас инсоний қадрият, юртимиз тинчлиги, эркинлиги ва фаровонлигининг мустаҳкам кафолатидир. Барча миллат ва элат вакилларининг ягона мақсад ва ягона Ватан туйғуси атрофида жипслашиши Янги Ўзбекистоннинг юксак марраларни забт этишида бош омил бўлиб хизмат қилаверади.
А.Ғаффоров,
ЎзА