Биринчи ўзбек журналист аёли - Марям Султонмуродованинг аччиқ қисмати (+видео)
"Жадидлар — миллат қаҳрамонлари" лойиҳасининг бу галги қаҳрамони Туркистон жадидчиларидан бири, таъқибга тўла умр изтироблари ёхуд “катта қирғин” ва икки сургунда жабр кўрган ўзбек қизи – Марям Султонмуродова ҳақида.
Марям Султонмуродова ҳам юртимизга илм-маърифат- ёруғлик истаган мард ва жасур аёллардан бири эди. У 1905 йил 13 февралда Хива шаҳрида туғилган. Дастлаб Чандир Қиёт қишлоғида деҳқончилик билан шуғулланган отаси Жуманиёз Султонмуродов 1916 йилги халқ қўзғолонида иштирок этиб Хива хонининг таъқибига учрайди. 1917 йилда у оиласи билан хонликни тарк этиб, 1919 йилгача Тўрткўлда яшашга мажбур бўлган. Инқилоб натижасида Хива хонлиги ҳудудига қайтиб келган Жуманиёз Султонмуродов большевиклар ёрдамида Ҳарбий трибунал раҳбари, Хоразм Халқ Республикаси Халқ комиссарлари Кенгаши раиси, Хоразм компартияси котиби лавозимларида ишлади.
Икки сургундан омон қолган зиёли Марям Султонмуродова 1957 йил 2 августда СССР Олий Суди ҳарбий коллегияси томонидан оқланди.
Бироқ у тўлиқ оқланганидан кейин ҳам рўшнолик кўрмади. Таъқиб тўхтамади. Севган соҳаси бўлмиш журналистика билан шуғулланиш у ёқда турсин, унинг газета ё журнал ўқишига ҳам тўсқинлик кўрсатилди. Марям қоронғу кечаларда ўзининг эрксиз, бахтсиз ҳаётини қуйидагича қоғозга туширган: "... 1957 йил мени оқлашган. Мендан бахтли одам йўқ эди. Ахийри орзуйим ушалди! О, менинг хурсанд бўлганларим... Ҳаётимда катта бир ўзгариш кута бошладим ва ахийри тўла ҳуқуқли совет граждани бўламан деб ўйладим! Лекин афсус, кўп ўтмай ихлосим қайтди. Мен ҳамон назорат остида эканлигимни, шармисорлик тамғасининг юки ҳамон босиб ётганини англадим... Ўзлигингни пастга уришларини ҳис этишдан ортиқ алам йўқ оламда. О, бу қанчалар оғир! Агарда менга юқоридан, масхаромуз қараётган мана шу кимсалар мендан яхшироқ ва мендан покроқ бўлишганида-ку, балки бу ҳолга чидардим. Лекин асло ундай эмас эди. Аксинча, уларнинг бири чайқовчилик, ичкиликбозлик, бузуқлик қиларди. Иккинчиси, бировнинг эрини тортиб олган, фарзандини отасиз қолдирган эди... Ҳеч бўлмаса мана шу кимсалар мени тинч қўйишса эди, кўнглимга ғулғу солишмаса эди...".
Бу ҳақсизликлар ҳам Марямнинг иродасини синдира олмади. У ўзини бир лаҳза бўлсин айбдор деб билмади. Ҳақиқатга ишонди, инсонийлигини йўқотмади. Бу билан шўролар тузумининг шармандали тарихида инсон матонати тимсоли сифатида қолди. Марям Султонмуродованинг таъқиблар ва тазйиқларга тўла умри 1971 йилда ниҳоясига етди. Ундан "Раҳмат десинлар", "Мажнунтол", "Қалбим нидоси", "Меҳр кўзда", "Карвонлар келганда", "Кутилмаган бахт", "Бетамиз йигит" номли ҳикоялар қолган. Юртимиз озодлиги йўлида жон берган бу мард ва жасур аёлнинг фаолияти ҳамда ижодидан бохабарлик бизни айни ёруғ кунларимизни қадрлашга ўргатади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/UrMyNuzMa_g?si=QzLcb_QdOf4b05B7" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА