Биринчи ўзбек профессор аёлини хотирлаб...
Халқимиз орасидан Зулфиядек улуғ шоира, Халима Носирова, Сора Эшонтўраева, Мукаррама Турғунбоевадек довруғли санъаткорлар, Хадича Сулаймонова, Сабоҳат Азимжонова, Нозима Деҳқонхўжаева ҳамда Фозила Сулаймоновадек кўпдан-кўп шон-шуҳратли аёллар, илм-фаннинг улкан намоёндалари етишиб чиққан. Улар ўз даврида ўз салоҳиятларини намоён эта олди.
Атоқли олима Мақсуда Ҳожинова ҳам ватанимиз ва халқимиз олдидаги катта хизматлари билан юқорида зикр этилган муҳтарама аёлларимизнинг шарафли қаторида фахрли ўрин тутади.
Хотира ва қадрлаш куни арафасида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институт доценти Абдусаттор Абдуғаффоров профессор Мақсуда Ҳожинованинг салмоқли ҳаёти ва ижодини ёдга олди.

–Мақсуда Ҳожинова техника фанлари йўналишида етишиб чиққан биринчи ўзбек профессор аёли эди, – деди Абдусаттор Абдуғаффоров. – Кейин шу соҳада биринчи бўлиб академиклик унвонига ҳам эришди. Олима илм-фан олдидаги катта хизматлари учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби” юксак унвони билан тақдирланган.
У қирқ йилга яқин олий таълим тизимида педагоглик қилди. Ўн етти йил мобайнида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида ректор бўлиб фаолият кўрсатган. Мамлакатимиз тўқимачилик ва енгил саноатининг минглаб етук малакали кадрлари Мақсуда Ҳожиновани ўзларига меҳрибон она ва устоз деб билади. Уни доимо чуқур қалб эҳтироми билан хотирлайди.
Мақсуда Ҳожинова илм-фан шайдоси эди. Ҳалигача эслаб юришади: устоз докторлик диссертацияси устида ишлаётган пайтларида, посбонлардан бекиниб, институт тажриба хоналарида туни билан қолиб кетар экан. Бундай заҳматли меҳнатлар эса ўз самарасини берди. Йирик рус олими - Г.Н.Кукин олима ҳақида шундай сўзларни ёзиб қолдирган: “Мақсуда Ҳожинова Ўзбекистонда биринчи бўлиб пахта толаларининг тузилиши, хоссаларини ўрганиш ва таснифлаш мавзусига асос солди ҳамда тўқимачилик материалшунослик ихтисослиги мактабини яратди”.
Олима пахтани қайта ишлаш саноатида тола сифатини шикастлантирувчи босқичларни бирма-бир ўрганиб чиққан ва уларни бартараф этиш усулларини таклиф этган. Толани чигитдан ажратишда, тозалашда, титиб-савашда, йигиришда қўлланиладиган технологик жараёнлар унинг сифатига путур етказар экан. Олима шундан келиб чиққан ҳолда, тегишли корхоналарда технологик жараённинг меъёрини белгилади ва бир қатор ўринли таклифларни тавсия этди. Унинг таклифлари пахтани қайта ишлаш саноатини такомиллаштиришда ҳамон хизмат қилмоқда.
Шунингдек, М.Ҳожинова ғўзани дефолиация қилиш ва пахтани машинада териш жараёнларида ҳам тола сифатида жиддий бузилишларни аниқлаган. Унинг бу йўналишдаги таклифлари ҳам тегишли мутахассислар томонидан қабул қилиниб, ғўза баргини кимёвий усулда тўкиш шароитида ва пахта териш машиналарининг қурилмаларини такомиллаштиришда инобатга олинган. Олиманинг ўз тадқиқотларида илгари сурган илмий-амалий ғоялари катта аҳамиятга эга бўлиб, бошқа мамлакатларда ҳам обрў-эътибор топди. Унинг китоблари ва илмий мақолалари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган.
М.Ҳожинова миллатимиз тарихини адолатли ёритишга хизмат қиладиган яна бир тадқиқот ўтказганки, уни ҳам ғурурланиб эслагимиз келади. Маълумки, Собиқ иттифоқ даврида илм-фанда ва жамоатчилик онгида ипакчиликни Ўзбекистон Хитойдан ўзлаштирган, деган қарашлар бор эди. М.Ҳожинова деярли 5 аср илгари мамлакатимизда ипак кийимлар ва ипак тўқимачилиги мавжуд бўлганлигини ашёвий далиллар асосида аниқлаган. Унинг бу хизмати олиманинг теран ватанпарварлигидан далолат бўлиб, ҳаммамиз учун, айниқса, ёшлар учун ўзига хос ибратдир.
М.Ҳожинова ўз шахсиятида замонавий ва анъанавий миллий таълим-тарбияни узвий бирлаштирган етук зиёли олима эди. Олима оғир юрак хасталигига чалиниб, 1981 йилнинг 5 ноябрь куни 70 ёш арафасида вафот этди.
Ҳозирги талабалар устознинг илмий-педагогик мактабига содиқ бўлиб, янги шароитда унинг хайрли ишларини давом эттирмоқда. “Тўқимачилик материалшунослиги” кафедрасининг асосчиси, 20 дан ортиқ олимларни тайёрлаб, катта илмий мактаб яратган, инсон қадрини улуғлаб келган, таниқли академик олима Мақсуда Ҳожинова ҳамиша ёдимизда ва ёнимиздадир.
Гулноза Бобоева, ЎзА