Бир йил муқаддам Афинадан йўлга чиққан велосайёҳ Ўзбекистонга келди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да венгриялик тадбиркор ва велосайёҳ Йожеф Зелей билан учрашув бўлиб ўтди.
Осиё давлатлари бўйлаб учинчи бор велотурни амалга ошираётган Йожеф Зелей Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов, мамлакат велоспорт федерацияси мутасаддилари билан мулоқот қилди. Учрашув давомида мамлакатимизда спорт, хусусан, велоспортни ривожлантириш ва оммалаштириш масалаларига юқори баҳо берди.

"Велосайёҳ – тинчлик элчиси" мақомига эга Йожеф Зелей “Олимпия шаҳарчаси”даги замонавий велодром, спорт иншоотлари ва спортчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Спортчи ва мураббийлар, мутахассислар билан фикр алмашди. Ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Айтиш лозимки, 1963 йилда туғилган Йожеф Зелей 2004 йилдан буён беш қитъа бўйлаб қарийб 100 минг километр масофани велосипедда босиб ўтган. Унинг учинчи велотури 2025 йил 29 июнда Афинадан бошланган бўлиб, сафар давомида Осиёнинг бир қатор мамлакатларига ташриф буюришни режалаштирган.
Т.Рўзиев,
ЎзА