Бир қатор ДСИ бошлиқлари лавозимидан озод этилди
Давлат солиқ қўмитасининг навбатдаги Ҳайъат мажлиси кескин танқидий-таҳлилий руҳда ўтди. Унда жорий йилнинг биринчи чорак якунлари бўйича солиқ органлари фаолият кўрсаткичлари таҳлил қилинди ва Президентимизнинг 16 март куни Давлат солиқ қўмитасига ташрифи давомида белгилаб берилган вазифаларининг сўзсиз ижро этилиши масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, айрим йирик солиқ тўловчилари учун жорий йилда солиқ ставкаларининг пасайишига қарамасдан, бюджет тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан умумбелгиланган иқтисодий кўрсаткич (ЯИМ)га нисбатан ҳам юқори, яъни 17 фоизга ўсган. Йирик солиқ тўловчилардан ташқари бошқа тадбиркорлик субъектларининг солиқ маъмурчилигига масъул ҳудудларда эса тушумларнинг ўртача ўсиши 37 фоизни ташкил этган.

Бундан ташқари, солиқ маъмурчилигининг индикатор солиқларидан ҚҚС 27 фоизга, ҳудудларда эса ўртача 60 фоизга ўсган. Aйланмадан олинадиган солиқ 1,3 бараварга ўсиб, ушбу солиқ туридан энг юқори ўсиш Фарғонада 67 фоиз ва Хоразмда 48 фоизни ташкил этгани қайд этилди.
Бундай ўсишга иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши қаторида солиқ маъмурчилигини рақамлаштиришдаги дадил қадамлар ижобий таъсир кўрсатди.
Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бир қаторда, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳамда мавжуд муаммолар очиқ ва кескин равишда танқид қилинди.

Жумладан, солиқ маъмурчилигини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳисобига қўшимча даромадларни жалб этиш ва юклатилган вазифаларни бажаришда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси, Қашқадарё ва Тошкент вилояти ДСБ, Когон ҳамда Aндижон шаҳар ДСИ раҳбарларига нисбатан навбатдаги интизомий жазо чоралари белгиланди.
Aндижон, Олот, Зомин, Пахтакор, Фориш, Учқўрғон, Қўшработ, Ургут, Жарқўрғон, Термиз, Сирдарё, Гулистон туманлари ҳамда Янгиер шаҳар ДСИ бошлиқлари лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, солиқ қарзини мажбурий ундиришга қаратишда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун Aсака, Чироқчи, Мингбулоқ, Ургут, Мирзаобод, Сардоба, Бағдод, Қумқўрғон туманлари ҳамда Қувасой ва Жиззах шаҳар ДСИ бўлим бошлиқлари лавозимидан озод этилди.

Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида “Солиқ ҳамкор” тизими орқали тушган мурожаатлар билан ишлаш ҳамда ушбу йўналишда назорат тадбирларини амалга оширишдаги жиддий хато ва камчиликлари учун Нукус, Жиззах ва Aндижон шаҳарлари, Ғиждувон, Чироқчи, Кармана, Поп, Ургут ҳамда Бекобод тумани ДСИ Сайёр солиқ текширувлари бўлим бошлиқлари ҳам лавозимидан озод этилди.
Ўз ўрнида, юқори натижаларга эришган Давлат солиқ бошқармалари ва 64 та солиқ инспекциялари жамоасини моддий рағбатлантиришга қарор қилинди. Ҳайъат йиғилишида ДСҚ раиси ўринбосарларининг ҳисоботлари эшитилиб, шахсий масъулияти белгиланди.

Президентимиз томонидан қўйилган ҳар бир бўғинда темир интизомга риоя этган ҳолда, жаҳон бозоридаги кескин тебранишларга қарамасдан йил бошида белгиланган кўрсаткичларни сўзсиз таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш бўйича “Солиқчи – кўмакчи” институтининг истиқболли кўрсаткичлари, кичик ва ўрта бизнес субъектларини трансформация қилиш, солиқ органларини коррупциядан холи тизимга айлантириш каби муҳим йўналишларда аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА