“Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили амалда
Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасида доимий фаолият юритувчи сенатор Маҳмуджон Парпиев Наманган вилоятининг Уйчи туманида “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганди.
Ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасида ишни “Маҳаллабай” ташкил этиш аниқ натижа берадиган тизим эканлиги амалда исботланмоқда. Уйчи туманида ўзига хос тизим яратилган бўлиб, маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб ўсиш нуқталари белгиланган. “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили бўйича ихтисослашиш орқали ҳар бир маҳаллада азалдан ривожланган соҳалар, яъни маҳаллий аҳоли кўпроқ қайси фаолият тури билан шуғулланса, айнан шу ва шунга ёндош фаолият турларини янада ривожлантириш, бу борада якка тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бозор талабига мувофиқ муайян соҳа изчил йўлга қўйилмоқда.

Туманнинг Обод маҳалласида 8 мингга яқин аҳоли яшайди. 1 минг 112 хонадон бор. 3700 нафардан ортиқ ишга лаёқатли инсон қадрдон қишлоғида ўзига ёқадиган, рўзғорини бойитадиган соҳа билан банд. Йил давомида помидор ва бодринг кўчати тайёрланиб, бозорга чиқарилади. Гулчиликка шайдолик ободликларга ота-боболардан мерос. Бу “бизнес” ҳам ҳозирги имкониятлар даврида жадал ривожланмоқда. Аксарият хонадонларда иссиқхоналар мавжуд. Ҳар йили 30-50 миллион сўмни ҳалол меҳнати билан даромад қилаётган миришкорлар жуда кўп.

Ҳар икки ҳовлининг биттасида ёнғоқ дарахти бор. Ёнғоқ мағзини экспортга тайёрлашни ҳам ободликлар жойига қўйган. Қишлоқнинг яна бир диққатга сазовор “бизнеси” – якка тадбиркор Илҳомжон Усмоновга қарашли мева йиғиш ва экспортга тайёрлаш кичик корхонаси ҳисобланади. 500 дан ортиқ шу қишлоқ ёшлари апрелдан ноябрга қадар ўз ҳудудларидаги ҳамда қўшни қишлоқлардаги аҳолининг мева ва бошқа маҳсулотларини йиғиб-териб ушбу цехга тоширишади. Ҳисоб-китоб тарозининг устида. Дарвоқе, кичик корхонага 100 та “Дамас” хизмат қилади, яъни шунча йигитнинг қозони қайнаяпти. Сенатор хонадонларда бўлиб, туман мутасаддилари, маҳалла “бешлиги”, аҳоли вакилларига Олий Мажлис Сенатининг 41-ялпи мажлисида қабул қилинган қонунлар ҳақида шарҳ берди.

Айниқса, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандликни қисқартиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида” ги қонун ўзини ўзи банд қилган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилганлигини таъкидлади. Мазкур қонун билан Солиқ кодексига ва “Томорқа хўжалиги тўғрисидаги” қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилгани, ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқни тўлашга рухсат этилиши, “Томорқа хўжалиги тўғрисида” ги қонундан ер участкаси майдонига қўйилган талаблар чиқариб ташланаётганлиги бўйича тушунтиришлари мулоқот иштирокчилари томонидан хурсандчилик билан кутиб олинди.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Маҳмуджон Парпиевнинг Наманган вилоятидаги ўрганишлари ҳамда тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.