Бир лаҳзалик лаззат азоби...
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида туғилган қиз 11 синфни тугатгач оиласидагилар билан келишмай қолиб уйидан чиқиб кетади. Ўзига тунги клубдан иш топади ва ишдан бўш вақтида фоҳишалик билан шуғулланади. 2021 йилда соғлиги ёмонлашиб туман касалхонасига мурожаат қилади. Зарур таҳлиллардан сўнг қизда ОИВ инфекцияси аниқланади. Шу заҳотиёқ шифокорлар уни рўйхатга олади ва мажбуриятлари тушунтирилади. Инфекцияни қасддан бошқаларга юқтирса жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилади.
Бироқ, қиз ўзи танлаган йўлдан қайтмайди. Яъни у пул эвазига эркаклар билан жинсий алоқага киришади. Табиийки касаллигини яширади. Тергов жараёнида ўзини оқлаш учун аёл мижозларимга касаллигимни айтгудек бўлсам мен билан алоқага киришмай қўяди ва пул бермайди деган сабабни келтирган.
Наҳотки инсон шу қадар тубанликка қодир бўлса, ўз нафсини қондириш, арзимаган 50-100 минг сўм пул учун бошқаларга касалликни қасддан юқтирса.
Аёлнинг бу қилмишини пул топиш, жон сақлаш илинжи деб баҳоласак, у билан жинсий алоқага киришган эркаклар қилмишига нима деб баҳо бериш мумкин. Тергов ҳаракатлари давомида мазкур аёл 20 дан ортиқ эркакларга жинсий алоқада бўлиш орқали ОИВ касаллигини юқтиргани маълум бўлди. Тасаввур қилинг шунча эркакнинг оиласи, гулдек аёли бор. Демак битта аёл ва бир лаҳзалик эҳтиётсизлик шунча оиланинг бошига кулфат ёғдирди. ОИТС касаллиги билан инсоният қарийб 50 йилдан буён таниш. Унинг юқумли эканини, ҳаёт учун хавфли касаллик эканини ҳам яхши билади. Бироқ ўз нафсини жиловлай олмаслик уни мана шундай аянчли оқибатларга олиб келишини унутади.
Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон тумани судида аёлнинг жиноий ҳаракатлари мазмунан кўриб чиқилди. Унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-моддаси 4-қисми билан айблов эълон қилинди. 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳикоямиз қаҳрамонига суд жазо тайинлади. Гулдек оиласи, суюкли аёли ва ўзининг соғлигини хавфга қўйган хиёнаткор эркакларчи? Албатта хулосани ўзингизга чиқаринг.
Зариф Комилов, ЎзА