Бир кунда биттадан хонадон обод бўлади
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташаббуси билан “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” шиори остида семинар бўлиб ўтди.
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташаббуси билан “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” шиори остида семинар бўлиб ўтди.
Уй ва хонадонларни, кўча ва маҳаллаларни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш мақсадида жорий йилнинг июнь–август ойларига мўлжалланган ҳаракатлар режаси асосида амалга ошириладиган ишларга бағишланган тадбирда маҳаллалардаги камбағал оилаларни бу даражадан чиқариш борасида мутасаддиларнинг олдида турган вазифаларга алоҳида урғу берилди.
Шунингдек, июлъ ойидан бошлаб, қўшимча ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинадиганлар учун ҳар бир маҳаллага 5 нафардан штат қўшиб берилиши таъкидланди. Бундан ташқари, июнь–август ойларига мўлжалланган ҳаракатлар режаси асосида ҳар куни ҳар битта маҳаллада 1 тадан хонадон ободонлаштириши лозимлиги таъкидланди.
– Туман бўйича мавжуд 17 маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар биридан бир кунда биттадан хонадонни ободонлаштирилса, бир кунда 17 та хонадон обод бўлади, – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги маъсул ходими Х.Лутфуллаев. – Бу кўрсатгич бир ойда 510 та, 3 ойда эса 1 минг 530 тани ташкил этади.
Ана шу эзгу ишларни рўёбга чиқаришда мутасаддилар зиммасига аниқ топшириқ ва вазифалар юклатилди. Семинар иштиокчилари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан аниқ жавоблар олди.