Бир гектар ердан ўртача 5 минг доллар даромад олиниши керак
Давлат дастури лойиҳаси – муҳокамада
Бу айни пайтда муҳокамага қўйилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида белгиланган чора-тадбирлардан бири.
Бугун бир гектар ердан кўзланганидан бир неча баробар кўп даромад олаётган томорқачи, фермер ва тадбиркорлар ҳам бор. Лекин улар жуда кам. Мақсад ана шундай тоифадаги деҳқон ва боғбонларни, тадбиркорларни кўпайтириш ва халқимизнинг ўз меҳнатидан манфаатдорлигини оширишдир.

Бизда кўп ҳолларда оддий аҳоли ва фермерлар ҳам ерга экин экиш ёки боғ яратишда анъанавий усуллардан фойдаланишади ёки ҳар йили бир хил маҳсулот етиштиришга ўрганган. Масалан, картошка экадиган деҳқон ҳар йили шу иш билан шуғулланади, саримсоқ пиёз экса, кўпроқ фойда олишини ўйламайди. Ёки катта томорқасининг бир четида ихчам иссиқхона қуриб, йилига миллион сўмлаб даромад қилиш мумкинлигини ҳисоб-китоб қилмайди. Фермерларимиз ҳам давлат буюртмасидан ташқари, ортиқча майдонда янги турдаги сабзавот ёки полиз маҳсулотлари етиштириш, янги, маҳсулдор уруғдан фойдаланишлари мумкин. Аммо бунга ҳафсала қилишмайди.
Шу боис давлат дастури лойиҳасида ердан унумли фойдаланиб, кўпроқ даромад олиш учун сифати юқори ва хорижий давлатлардан олиб келинган уруғларни экиш, интенсив технологияларни қўллаб, экинларни парваришлаш, жумладан, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этишни янада кенгайтириш белгиланмоқда.
Шунингдек, лойиҳада мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 51 та туманда мева-сабзавотларни шок усулида музлатишни йўлга қўйиш бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш ва йил якуни билан умумий қуввати 44 минг тонна бўлган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш вазифаси қўйилмоқда. Бу ҳам бежиз эмас, чунки бугун дунёда озиқ-овқат хавфсизлигини, аҳолини йил давомида сифатли мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш, бозорда нарх барқарорлигига эришиш долзарб масалага айланиб бормоқда. Қолаверса, бу орқали фермер ва тадбиркорларнинг даромадларини бир неча баробар ошириш имконияти яратилади.
Ушбу йўналишда кейинги йилларда юртимизда олиб борилаётган ишлар натижасида қишда ҳам бозорларимиз, аҳоли дастурхонидан мева-сабзавот узилган эмас. Ҳатто, цитрус меваларгача ўзимизда етиштирилмоқда.
Умуман, давлат дастури лойиҳасида таклиф этилаётган қишлоқ хўжалиги бўйича устувор мақсадлар, чора-тадбирларнинг амалга оширилиши бозорларда мўл-кўлчилик, элимиз дастурхони тўкинлиги ва бу меҳнат билан шуғулланаётган фермер ва тадбиркорлик субъектлари иқтисодий барқарорлигига, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Шавкат Шарипов,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
ЎзА