Бир депутат – юз аёлга кўмакчи
Наманганда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси томонидан хотин-қизларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида вилоят марказидаги 17-сонли оила поликлиникасида кенг кўламли тиббий кўрик ташкил этилди.
Партия вилоят кенгаши амалга ошираётган “Бир депутат – юз аёлга кўмакчи” лойиҳаси доирасида мазкур кўрик аёлларнинг соғлигини яхшилаш, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини ошириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятга эга.

– Ушбу лойиҳа “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” рўйхатларида турган опа-сингилларимизга тиббий кўмак бериш, уларнинг саломатлигига бефарқ бўлмаган жамият аъзоларини бирлаштиришга йўналтирилган, – дейди OʻzLiDeP Наманган вилояти кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов. – Лойиҳа доирасида соҳа мутахассислари томонидан аёлларга онкологик касалликларни эрта аниқлаш, юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, қон босими муаммолари, эндокрин тизими хасталиклари ва аёлларнинг тиббий маданиятини оширишга оид муҳим маслаҳатлар берилмоқда.

Тадбир давомида тиббий мутахассислар тарафидан нафақат диагностика ишлар амалга оширилади, балки аёлларни соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, тўғри овқатланиш ва мунтазам тиббий кўрикдан ўтишнинг аҳамияти ҳақида ҳам хабардор қилинади.


Шунингдек, баъзи касалликларни олдини олиш мақсадида зарур дорилар ва тиббий тавсиялар ҳам берилади. Бундай хайрли ташаббуслар OʻzLiDeP дастурида белгиланган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, соғлом ҳаёт кечиришларига кўмаклашиш борасидаги изчил вазифалари ижросидир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА