"Бир дарахт кесилса ўрнига ўн икки дарахт экдим..."
Ушбу даъват соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари”да битиб қўйилган.
Халқимизда яшаб турган жойини ободонлаштириш, кўчат экиб, боғ яратиш ўзига хос қадриятлардан бири саналади. Ободликка ҳисса қўшиш ва атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва фаровон бўлади.
Айни чоғда боғлар, кўчалар, йўл ёқаларида янги экилаётган дарахтлар теварак-атрофга кўрк улашиши баробарида, ҳаво мусаффолигини таъминлаб, келгусида дастурхонимизни ширин-шарбат мевалар билан тўлдириши шубҳасиз.
Юртимизда кенг қулоч ёзган “Долзарб 40 кунлик” дарахт ва бута кўчатларини экиш тадбирлари давомида Қашқадарё вилоятидаги барча ташкилот, муассаса ва корхоналар томонидана воҳани бундан-да обод ва кўркам кўринишга келтириш мақсадида, минглаб боғ ва гулзорлар барпо этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан тақдим қилинган маъллмотларга кўра, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳам "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги “Долзарб 40 кунлик” акцияси қизғин давом этмоқда.
Умуммиллий лойиҳа доирасида Қарши шаҳридаги аввалги “Қўрғиртоғ” ҳудудидаги маиший чиқинди полигони “Яшил майдон”га айлантирилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА