Бир баҳорки, о, бир баҳорки...
Бир баҳорки кўзларда ёниб, Кўз очган бир ҳисга ўхшайди...
Юлдуз Ўрмонова, 1995 йил Андижон вилояти, Хўжаобод туманида туғилган. Зулфия номидаги Давлат мукофоти (2011), “Sahitya Shree” халқаро адабий мукофоти (2016), шунингдек, Президент стипендияси совриндори (2019).Илмий мақолалари, таржималари ҳамда шеърлари Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Испания ва АҚШ матбуотида бир неча бор нашр этилган. Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг Инглиз тили филологияси йўналишини тамомлаган (2018).
“Истеъдод мактаби-IV” республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. Ҳозирда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Олий журналистика курслари II босқич магистранти ҳамда “Халқ сўзи” газетаси мухбири.
БИР БАҲОРКИ...
Бир баҳорки кўзларда ёниб,
Кўз очган бир ҳисга ўхшайди.
Ё сўзлари юлдуздай ёниқ,
Ошиғи кўп қизга ўхшайди.
Майсаларнинг шивирида куй,
Янграганда борлиқ тинглагай.
Бугун ҳамма куйлайди шу кўй –
Муҳаббат қўшиғи тинмагай.
Еру кўкда кўкламнинг кўрки,
Куртак ёзар севги, ҳаяжон.
Бир баҳорки, о, бир баҳорки,
Гўё энди кетмас ҳеч қачон.
Унинг исми юракда танҳо,
У бор, қалбдан ёшлик аримас.
У кўнгилдай улғаяр, аммо
Қаримас!
* * *
Менинг ҳам сиз билмас дунёларим бор,
Кўзимда яширган дарёларим бор.
Гоҳ-ногоҳ келувчи сўқмоқлар ичра
Йўлимни ёритар зиёларим бор.
Кўнглимни кўнгилдай извошим билан
Ёрмадим кимсага қиз бошим билан.
Ич-ичимни поклаб кўз ёшим билан,
Тонглар уфққа боққан қиёларим бор.
Кўксимда чўғ из бор, кетмас, чандиқдай,
Қанча асрор ётар юрак сандиқда,
Менинг ҳам сиз билмас ошиқ-маъшуқдай,
Рўёбларим бордир, рўёларим бор.
Хушбахт кунингизда кўринсин кулгум,
Мени эслатсинлар ҳар тараф гулгун.
Яна қанча, билмам, кун келиб бир кун
Сизни топиб борар дуоларим бор!..
Менинг ҳам сиз билмас дунёларим бор...
Т О Ғ
Қанча умр кўрса ҳам,
Тоғ бўлиб ўтаркан тоғ.
Муаззам ғурурини
Сарафроз тутаркан тоғ.
Қора булутларни ҳам
Бошида кўтарган тоғ.
Қорлардан бош кўтариб,
Кўкламда кўкарган тоғ.
Кўкси тўла ҳақиқат,
Мозийга гувоҳдир у.
Кўкарган майса борки,
Бағрида гиёҳдир у.
Ўзига шоҳу султон,
Ўзгага паноҳдир у.
Тошлар юмалар – тоққа
Хасратин тўкаркан тоғ.
Тоғлар гўзал, олисдан
Тағин ҳусни ошиқдир.
Бефарқ бўлолмас кимса,
Неча кўнгил ошиқдир.
Аммо минг хил одамзод
Ҳамда минг хил ошиқдир.
Лек бир кўкка талпиниб,
Осмонни ўпаркан тоғ.
Чўпонларнинг куйлари
Тоғлар ҳаётидандир.
Чин ошиқлар саботи
Тоғлар саботидандир.
Балки ўлмас инсонлар
Тоғлар авлодидандир...
Ергамас, чўкса гар ўз
Қаърига чўкаркан тоғ.
Қанча умр кўрса ҳам,
Тоғ бўлиб ўтаркан тоғ.
* * *
Мангу самоларга қанот ёйгувчи
Сордай авайласак Ўзбекистонни.
Ўздан-да қизғаниб, ёниб суйгувчи
Ёрдай авайласак Ўзбекистонни.
Бу замин бағрига юлдузлар бўйлар,
Мудом муҳаббатга тўлур дил уйлар,
Кўнгилда тоабад меҳрни куйлар
Тордай авайласак Ўзбекистонни.
Абад қалби уйғоқ ётган мардларга,
Дилларда уйилган асрий гардларга,
Юракни жизғанак қилган дардларга
Кордай авайласак Ўзбекистонни.
Унутилмагай ҳеч сўзларимиз ҳам,
Мангу муҳрлангай изларимиз ҳам,
Кундай ёруғ бўлгай юзларимиз ҳам,
Ордай авайласак Ўзбекистонни...
ТОШКЕНТ
Соғинч дарди бағримни тилса,
Азоб ўтин совитар Тошкент.
Кетаман деб хархаша қилса,
Юрагимни овутар Тошкент.
Бу айрилиқ ёлғон бўлса ҳам,
Ширин сўзга мойил қиларкан.
Бу кент, бу изтироб ва бу ғам
Қишлоқ кўнглин шоир қиларкан.
Узун ва тор чанг кўчаларда
Ғубори йўқ кенг диллар ўсар.
Катта-катта, кенг кўчаларда
Йўлларимни хавотир тўсар...
Қишлоққа хос асли соддалик,
Унга жимлик, ёлқин ярашар.
Юрагингга солса ҳам ҳадик,
Шаҳарларга шовқин ярашар...
Шошга шошиб келган кунимдан,
Тушларим ҳам бир-бир келди ўнг.
Пойтахт берган соғинчларимдан
Андижонни топиб олдим сўнг...
ТЎРТЛИКЛАР
Ток қонин ичган ошиқдир ул майиб,
Ул майибмас, асли ишқдан дил майиб.
Ҳамма йиғлаб келар фоний дунёда,
Умар Ҳайём кезиб юрар жилмайиб.
* * *
Кунида синмаса эди кўза гар,
Тупроққа сингмаса эди кўз агар.
Ердан узиларди одам оёғи,
Ва азиз бўлмасди уста кўзагар.
* * *
Кўнгил боғи баҳор келмай гуллаб берар,
Гоҳ шабнамга, гоҳо нурга гул лаб берар.
Юрагингни кўзларингга яширмагил,
Сирларингни саболарга “гуллаб” берар.
* * *
Қадаҳларда мақтар биллур рангин май,
Сархуш айлар камалакдай рангин май.
Баҳордан кўнглин узолмай бир ошиқ
Зардоб ютар, юзларига ранг инмай...