Биологик ҳимояга бағишланди
Деҳқон учун дам олиш фасли деган тушунча йўқ.
Қиш – табиат бироз сукутга чўмадиган палла бўлса-да, қишлоқ хўжалиги аҳли учун энг масъулиятли давр ҳисобланади. Чунки эрта баҳорда ерга қадаб қўйиладиган уруғ, ёзда меҳнат билан парвариш қилинадиган ниҳол ва кузда йиғиб олинадиган ҳосил тақдири айнан шу қиш кунларида белгилаб олинади. Тайёргарлик қанчалик пухта бўлса, самара ҳам шунчалик баракали бўлади.

Бугун қишлоқ хўжалигида юқори ҳосилдорликка эришиш билан бир қаторда экинларни зараркунандалардан ҳимоя қилишда экологик хавфсиз усулларни жорий этиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, кимёвий воситалардан фойдаланишни қисқартириш, атроф-муҳит ва инсон саломатлигига салбий таъсирларнинг олдини олиш масаласида биологик ҳимоя воситаларининг ўрни беқиёс.
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида биолабораторияларни мавсумга тайёрлаш, оналик маҳсулотларни кўпайтириш ҳамда улар фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишланган ўқув-семинар ташкил этилди. Тадбирда соҳа мутахассислари, агрономлар ва биолаборатория ходимлари иштирок этиб, тажриба ва билимлар билан ўртоқлашдилар.

Семинар давомида экинларни зараркунандалардан ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутадиган фойдали ҳашаротлар – ентомофагларни сунъий равишда кўпайтириш технологиялари, уларни сақлаш ва дала шароитида самарали қўллаш усуллари бўйича амалий тавсиялар берилди. Мутахассислар томонидан биологик ҳимоя усулларининг афзалликлари, уларнинг узоқ муддатли самараси атрофлича тушунтирилди.
Семинарда таъкидланганидек, биологик ҳимоя воситалари зараркунандаларга қарши курашишда самарали бўлиш билан бирга, инсон саломатлиги ва табиат учун мутлақо хавфсизлиги билан ҳам устунликка эга. Бу эса экологик тоза, рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга хизмат қилади.

– Биолабораториялар фаолиятини тўғри йўлга қўйиш қишлоқ хўжалигида барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим омил ҳисобланади, – дейди Жиззах вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассиси Зариф Мамасиддиқов. – Биологик ҳимоя воситаларидан кенг фойдаланиш орқали ҳосил сифатини яхшилаш, кимёвий дорилар сарфини камайтириш ва экологик тоза маҳсулот етиштириш имконияти яратилади. Бу эса нафақат ички бозор, балки экспорт салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА