Бильярдчиларимиз Хитой турнирида қатнашмоқда
Шу кунларда Ўзбекистон бильярд федерацияси жамоаси Хитойда ушбу спорт тури бўйича ўтказилаётган тадбирларда иштирок этмоқда.
Кеча Юйшань шаҳрида Осиё спорт тарихида ўзига хос янгилик бўлган «Биллиард» музейининг очилиш маросими ўтказилиб, унда 54 та давлат вакиллари қатори ҳамюртларимиз ҳам иштирок этди.
– Юртимизда оммавий спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилиши натижасида бошқа спорт турлари сингари бильярд ҳам кенг оммалашмоқда. Хитойда ўтаётган халқаро бильярд тадбирларига расман таклиф этилганлигимиз катта воқеа бўлди. Бу, жаҳон бильярд спорт турида Ўзбекистон номи ҳам ўз ўрнига эга бўлиб бораётганлигидан далолат, – дейди Ўзбекистон бильярд федерацияси раиси Ўткир Комилов.

Хитойда ўтказилган тадбир давомида бильярд бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Сафойиддин Садиров ва Жавоҳир Усмонов етти карра жаҳон чемпиони Ронни Салливан, жаҳон чемпионлари Селби Робертсон, Аллен, Мерфи, Кайрен, Вафайи, Дин Джин Ху ва бошқалар билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида дунёдаги энг қиммат спорт турларидан бири саналадиган бильярднинг турли йўналишларини мамлакатимизда ривожлантириш борасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Бугундан эътиборан Хитойнинг Юйшань шаҳрида бильярд бўйича «Мастерс» мусобақалари бошланади. Шиддатли баҳслар давомида ҳамюртларимизнинг жаҳоннинг энг номдор бильярдчилари билан беллашувлари бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев, ЎзA