Билл Гейтс кейинги пандемия ҳақида
Миллиардер, «Microsoft» асосчиси Билл Гейтс “Кейинги пандемиянинг қандай олдини олиш мумкин” номли асар ёзди.
"Китобда мен нафақат бўлажак пандемияни тўхтатиш, балки бутун дунё бўйлаб барча инсонлар учун соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш йўлида қўйишимиз мумкин бўлган қадамларни аниқ баён қилдим. Ушбу пандемиядан олишимиз керак бўлган сабоқ ҳақида ёздим", дейди Гейтс ўз блогида.
Миллиардер, шунингдек, АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича етакчи мутахассиси Энтони Фауcи ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус билан "мунтазам суҳбатлари" тафсилотини очишга ҳам ваъда берган.
Билл Гейтс мунтазам равишда коронавирус пандемияси ривожланишининг эҳтимолий сценарийлари хусусидаги фикри билан ўртоқлашмоқда. Аввалроқ у мамлакатларда омикрон штамми тўлқинидан кейин коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати камайишини, коронавирусга мавсумий грипп каби муносабатда бўлишини айтган эди.
“Financial Times” хабар беришича, Билл ва Мелинда Гейтс фонди ҳамда Буюк Британияда жойлашган “Wellcome Trust” эпидемияга тайёргарлик инновацион коалициясига 300 миллион доллар ажратилмоқда. Бу паст ва ўрта даромадли мамлакатларга вакцина етказиб бериш бўйича махсус дастурни шакллантиришга ёрдам берди.