Билимлар куни кўтаринки руҳда ўтказилди
Бугун бошланган янги ўқув йилида Жиззах вилоятидаги 562 та умумтаълим мактабида Билимлар куни кенг нишонланиб, таълим муассасаси остонасига илк бор қадам қўйган 30 минг нафардан ортиқ 1-синф ўқувчиларига 12 турдаги “Президент совғаси” тантанали равишда топширилди.
Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида ўтган “Билимлар куни” тадбирида Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Салиев иштирок этди.
Вилоят раҳбари, мамлакатимизда, жумладан, таълим тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотилар ҳақида сўз юритиб, барча тадбир иштирокчиларини “Билимлар куни” билан муборакбод этди ва ушбу ижод мактаби ўқувчи ёшлари юксак марралар сари дадил парвоз этиб, илм-маърифат чўққиларини забт этишларида улкан зафарлар тилади.
– Сиз азиз ўқувчилар таҳсил олаётган ушбу Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби – Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида юқори балл тўпланганлик бўйича “Топ-10” талик рўйхатига кўра мамлакатимиздаги мактаблар ўртасида фахрли 2-ўринни эгаллагани алоҳида таҳсинга лойиқ. Бу, аввало, устозларинг машаққатли ва масъулиятли меҳнатлари маҳсулидир, – деди Эргаш Салиев ўз нутқида.
Шунингдек, бугун бошланган 2024-2025 ўқув йилидан вилоятда фаолият юритаётган Жиззах шаҳридаги Президент мактаби, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби, яна ҳудудлардаги 13 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда таълим-тарбия олаётган 4236 нафар ўқувчига 568 нафар малакали ва иқтидорли, етук билим ва кўникмаларга эга ўз касбининг ҳақиқий фидоийлари бўлган педагог ходимлар ҳамда 11 нафар хорижий халқаро тоифали мутахассислар таҳсил бериши қайд этилди.
[gallery-19103]
Шундан сўнг, ижод мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, ижро этилган шеър, қўшиқ, куй ва рақслар иштирокчиларга хуш кайфият улашди.
Жиззах шаҳридаги 6-сонли умумтаълим мактабида тантанали равишда нишонланган Билимлар куни тадбирида вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбоев иштирок этди ва тадбирда сўзга чиқиб, мамлакатимизда “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида кенг нишонланаётган Мустақиллигимизнинг 33 йили байрами ва янги ўқув йилининг бошланиши билан барча иштирокчиларни самимий қутлаб, жорий йил ушбу таълим муассасасига қабул қилинган 1-синф ўқувчиларга “Президент совғаси”ни тантанали равишда топширди.
– Мактабимизда жами 1874 нафар ўқувчига 135 нафар ўқитувчи-педагоглар таълим тарбия бериб келмоқда, – дейди 6-сонли умумтаълим мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Маҳбуба Холмирзаева. – Якунига етган 2023-2024 ўқув йилида мактабимизни битирган 126 нафар ўқувчининг 70 нафарга яқини турли олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди ва бу рақамлар сўнгги рўйхатлар чиққанидан сўнг яна ортишига ишончимиз комил.
Шунингдек, Жиззах шаҳридаги 29-сонли умумтаълим мактабида Билимлар куни тадбири хуш кайфият ва кўтаринки руҳда ўтказилди.
– Мактабимизда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 апрелдаги “Таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 212-сонли қарори ижроси доирасида вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХ бошқармаси билан ҳамкорликда бирқатор хайрли ишлар амалга оширилди, – дейди ушбу мактаб директори Гулчеҳра Абдуллаева. – Мактабимизнинг иқтидорли ўқувчиларидан ташкил топган “Учинчи ренессанс” жамоаси аъзолари республика мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Яшил чироқ” мусобақасининг вилоят босқичи ғолиблигини қўлга киритиб, мамлакатимиз пойтахтида ўтган финал босқичида муваффақиятли иштирок этгани биз учун катта фахрдир.
Тадбирда 90 нафар 1-синфга қабул қилинган ўқувчиларга “Президент совғаси”, “Яшил чироқ” беллашувининг финал босқичида қатнашган 6 нафар мусобақа иштирокчисига фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Вилоятдаги барча таълим муассасаларида биринчи қўнғироқ жаранглаб, вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган жадвал асосида вилоят, шаҳар ва туманлардаги раҳбар ва уларнинг ўринбосарлари ўзлари бириктирилган мактабларда нишонланган Билимлар куни тадбирида иштирок этди ва ўқувчиларга “Мустақиллик дарси”дан сабоқ берди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА.