Билим ва ижод уйғунлашган маскан
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон шаҳридаги 30-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга сифатли таълим-тарбия бериш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, қизиқиш ва қобилиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Айни пайтда таълим муассасасида 2 минг 670 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 124 нафар педагог сабоқ бермоқда.
Мактабда ўқувчиларнинг мустақил фикрлаши, изланиши ва ўз иқтидорини намоён этиши учун зарур шароитлар яратилган. Фан тўгараклари орқали ўқувчиларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш, амалий кўникмаларини оширишга кенг имконият берилган.
Хусусан, юқори синф ўқувчилари учун биология фанига ихтисослаштирилган машғулотлар йўлга қўйилган. Уларда назарий билимлар билан бир қаторда амалий кўникмаларни шакллантириш, фанга қизиқишни кучайтиришга устувор аҳамият қаратилади.
[gallery-31474]
Расм чизиш ва қўл меҳнати тўгараклари эса ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилади. Машғулотлар давомида уларнинг эстетик диди, меҳнатсеварлиги ва яратувчанлик қобилиятини шакллантиришга эътибор қаратилади.
Бошланғич синфларда дарсларни қизиқарли ва самарали ташкил этиш учун замонавий педагогик усуллардан фойдаланилмоқда. Бу жараён болаларнинг дастлабки билим ва кўникмаларни пухта эгаллаши, дарсларда фаол иштирок этиши учун муҳим омил бўлмоқда.
Жисмоний тарбия машғулотларида ҳам ўқувчиларнинг спортга қизиқишини ошириш, уларни фаол ҳаёт тарзига йўналтиришга алоҳида аҳамият берилади.
Таълим муассасасида билим бериш билан бирга, ёш авлоднинг қобилият ва қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, уларда зарур ҳаётий кўникмаларни шакллантиришга комплекс ёндашув асосида иш олиб борилмоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ(сурат),ЎзА