Билим ва имконият майдони
Жиззах шаҳрида “DVV International”нинг Ўзбекистондаги филиали молиявий кўмагида Жиззах вилояти “Қалб нури” маркази томонидан амалга оширилаётган “Жиззахда таълим ҳудудлари – билим ва имкониятлар майдони” лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлигининг ННТ лар уйида ташкил этилган мазкур тадбир нафақат янги лойиҳанинг танишуви, балки инсон капитали, ижтимоий фаоллик ва ҳаёт давомида таълим олиш ғоясини тарғиб этувчи муҳим мулоқот майдонига айланди.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Саҳобиддин Болиев иштирок этиб, аҳолининг айниқса хотин-қизлар, ёшлар ва эҳтиёжманд қатламларининг билим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши бугунги тараққиётнинг энг муҳим шарти эканини таъкидлади. У ўз сўзида бундай ташаббуслар ҳудудларда ижтимоий фаолликни кучайтириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва инсонларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида қайд этди.

Лойиҳанинг асосий мақсади — Жиззах шаҳри ва Пахтакор туманида “Таълим ҳудудлари”ни ташкил этиш орқали аҳолининг турли қатламлари учун очиқ, қулай ва замонавий ўқув муҳитини яратишдан иборат. Айниқса, хотин-қизлар, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда катта ёшдагиларнинг рақамли, медиавий ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган ташаббус ўзининг ижтимоий аҳамияти билан ажралиб туради.
Жиззах вилояти “Қалб нури” маркази директори Нодира Алимова лойиҳа тақдимотида бугун дунёда рақобатни табиий ресурслар эмас, балки билимли инсонлар белгилаётганини таъкидлади.

— Бугун таълим муассасадан чиқиб, инсон яшайдиган муҳитнинг ўзига кириб бормоқда. Биз ташкил этаётган “Таълим ҳудудлари” — бу оддий ўқув хонаси эмас, балки орзу ва имкониятлар туташадиган ҳаёт мактабидир, — деди у.
Дарҳақиқат, лойиҳа доирасида Жиззах шаҳридаги “Кимёгар” ҳамда Пахтакор туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли учун турли маҳорат дарслари, амалий тренинглар ва инновацион курслар йўлга қўйилади. Томорқадан самарали фойдаланишдан тортиб, молиявий саводхонлик, бизнес режа тузиш, ҳуқуқий билимлар, лидерлик ва медиасаводхонликкача бўлган йўналишлар қамраб олинади.
Эътиборлиси, ҳар бир машғулот инсоннинг кундалик ҳаётига дахлдор масалалар билан уйғунлаштирилади. Бу эса лойиҳанинг қуруқ назария эмас, амалий натижага йўналтирилганини кўрсатади.
— Биз одамларга фақат билим бермоқчи эмасмиз. Уларнинг ўз кучига ишониши, ташаббус кўрсатиши ва ҳаётини ўзгартиришга қодир эканини ҳис эттиришни истаймиз. Чунки билим инсонни қарамликдан, бефарқликдан ва қўрқувдан халос этадиган энг катта куч, — деди Нодира Алимова.
Лойиҳанинг яна бир ўзига хос жиҳати — “Авлодлараро суҳбат чойхонаси” ташаббусидир. Унда уч авлод вакиллари бир майдонда жам бўлиб, замонавий IT кўникмалари, молиявий саводхонлик, ҳаётий тажриба ва қадриятлар алмашинувини амалга оширади. Бу эса нафақат билим, балки жамиятда ўзаро ҳурмат ва ижтимоий бирдамлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, “Ҳаёт учун сунъий интеллект”, тезкор контент тайёрлаш, фото-видео маҳсулотлар яратиш, StartUp Craft ва Create & Market каби инновацион курслар ёшлар ва хотин-қизларнинг замонавий меҳнат бозорида муносиб ўрин топиши учун муҳим пойдевор вазифасини ўтайди.
Тақдимотда давлат ва жамоат ташкилотлари, Адлия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳудудий бошқармалари, “Юксалиш” ҳаракати, Савдо-саноат палатаси, “Тадбиркор аёл” ассоциацияси, Ногиронлар жамияти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Маълум қилинишича, Германиянинг Немис халқ университетлари ассоциацияси — “DVV International” томонидан 2026 йил учун эълон қилинган “Ўқув ҳудудлари: ғоялардан амалга оширишгача” танловида мазкур лойиҳа 6 минг евро грантни қўлга киритган.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири