«Билиб ўлганим яхшими ёки билмасдан?»
Илмпарвар Хоразм диёрида туғилиб ўсган Абу Райҳон Беруний сермаҳсул олим, изланувчан даҳо, новатор мутафаккир ва эмпирик изланувчидир. У бундан минг йил олдин тиним билмас меҳнатлари ва ўзига хос тадқиқотчилик услуби билан ўнлаб китоб яратиш, йигирмадан ортиқ илмий кашфиёт, инновация ва ихтирони амалга ошириш орқали инсоният цивилизациясига астрономия, биология, физика, доривор ўсимликлар ботаникаси, этнография, математика ва ҳиндшунослик соҳаларида улкан хизматлар кўрсата олди.
Унинг илмий шуҳрати илмий инновациялари туфайлидир. Уни жаҳон антропологияси ва ҳиндшунослигининг отаси деб ҳам аташади. Берунийнинг форс, хоразмий, араб ва санскрит тилларини яхши билиши унинг турли соҳаларда чуқур тадқиқотлар олиб бориши ва турли манбалардан фойдалана олиши учун катта имконият яратган.
Беруний бошқа мамлакатлар халқларининг эътиқодлари тўғрисида маълумот беришда бетарафлик позициясидан ёндашган. У ўзининг қимматли тадқиқотлари туфайли тадқиқотчилар орасида устоз сифатида тан олинган. Унинг турли соҳалардаги кенг тадқиқотлари кўплаб асарларнинг яратилишига олиб келди. Айрим тадқиқотчиларнинг маълум қилишларича, унинг асарлари сони бир юз қирқ олтита бўлиб, уларнинг кўпчилиги астрономия, математика ва геологияга оид.
Абу Райҳон Беруний Ибн Сино, Хожа Насириддин Тусий ва шу каби бошқа кўплаб олимлар билан замондош бўлиб, уларнинг кўпчилиги билан илмий баҳс-мунозаралар олиб борган. Жумладан, Беруний билан Ибн Сино ўртасида физика, фалсафа турли илмий саволлар ва жавоблар баён этилган ўн саккизта мактуб алмашилган.
Абу Райҳон Беруний Ибн Сино каби кўплаб илмий назарияларни ўртага ташлаган бўлиб, улар бугунги илмий назариялар билан мувофиқдир. Берунийнинг ёзган китоблари ва тарихчиларнинг у тўғрисида берган маълумотларидан маълум бўладики, у ўз замонасининг энг машҳур кишиларидан ҳамда ўша давр илм-фанидаги серқирра шахсиятлардан бири бўлган. Буни у ёзган асарлар сони ҳамда амалга оширган тадқиқотлари миқёсидан ҳам англаб етиш мумкин. Ҳиндларнинг дини, урф-одатлари ва расм-русумларига бағишланган «Таҳқиқ мо ли-л-Ҳинд мин маъқула мақбула фи-л-ақл ав марзула» (қисқача «Таҳқиқ мо ли-л-Ҳинд» – «Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш китоби»), астрономия ва тақвимга бағишланган «ал-Қонун ал-Масъудий фи-л-ҳайъат ва-н-нужум» (қисқача «ал-Қонун ал-Масъудий» – «Астрономия ва юлдузларга бағишланган «Масъудий қонуни» китоби»), астрономия ва юлдузларга бағишлаб форс ва араб тилларида ёзилган «ат-Тафҳим ли авоил синоат ат-танжим» (қисқача «ат-Тафҳим» – «Юлдузлар ҳақидаги билим асослари тўғрисида изоҳ»), доривор ўсимликлар тўғрисидаги «ас-Сайдана фи-т-тибб» (қисқача «Сайдана» – «Тиббиётга бағишланган «Фармакогнозия»китоби»), турли халқлар, жумладан, эронликлар, юнонлар, яҳудийлар, христианлар ва арабларда тарихнинг бошланиши ва йил ҳисоби тўғрисида ҳикоя қилувчи «Осор ал-боқия ан ал-қурун ал-холия» (қисқача «Осор ал-боқия»– «Ўтган даврлардан қолган ёдгорликлар») асарлари ушбу қомусий олимнинг энг муҳим асарлари жумласига киради.
Беруний устурлобга бағишланган бир неча рисола ҳам ёзган, шунингдек, механик тақвим тўғрисидаги ўз тавсифлари ва шарҳларини баён этган. Бундан ташқари, ушбу атоқли олим ёруғлик тезлиги бўйича ҳам қизиқ кузатишлар олиб борган бўлиб, ёруғлик тезлиги овоз тезлигидан анчагина юқори эканлиги тўғрисида хулосага келган. У Сомон йўли галактикасини «Юлдузлар табиатининг сон-саноқсиз қисмлари мажмуаси» номи билан эслатган.
Абу Райҳон Беруний турли фан соҳаларида янги ғоялар ва назарияларни ўртага ташлаган. Ер радиусини ўлчаш, ернинг қуёш атрофидан айланма ҳаракатланиш имкониятини тахминан аниқлаш, турли шаҳарларда намоз ўқувчилар учун қибла йўналишини белгилаш, шаҳарларнинг жуғрофий узунлиги ва кенглигини ҳисоблаб чиқариш, харита чизишнинг оддий усулларини ихтиро қилиш, ернинг юза қатламининг қандай вужудга келганлиги ва денгизларнинг қандай қилиб қуриб қолишини аниқлаш, кимёда унсурларнинг махсус вазнини, жумладан, биринчи бор ўн саккиз номдаги қимматбаҳо тош ва металнинг махсус вазнини аниқлаш, дориларни номлаш, олмос ва зумраднинг физик хосиятларини аниқлаш, гуллар ва куртакларнинг геометрик фигураларини чизиш, асалари томонидан асалнинг қандай ҳосил қилинишини аниқлаш, қуёш тутилиши ва ой тутилиши ҳодисаларини кузатиш, Аҳамонийлар ва Сосонийлар давлатларининг ташкил топиши тарихини ўрганиш, глобусни яратиш, юлдузларни кузатиш асбобларини яратиш унинг тадқиқотлари, ихтиролари ва инновациялари жумласидан ҳисобланади.
Беруний текширмасдан туриб олдиндан чиқариладиган ҳар қандай ҳукмни илм тараққиётига тўсқинлик қилувчи ҳолат сифатида баҳолаб, эмпиризм ва рационализмни дунёда илмнинг тараққиёти ва ғалабасининг сири сифатида талқин қилади. Бу буюк олим доимо ўз атрофида юз берадиган ҳодисаларнинг далилларини излашга ҳамда ҳалигача аниқланмаган нарсаларни аниқлаш учун уринарди.
Унинг энг муҳим шахсий хусусиятлари сифатида эркин фикрли эканлиги, текширмасдан туриб олдиндан ҳукм чиқармаслиги, ҳақиқатни излаши ҳамда миллий чегаралардан ташқарига чиқиб кетадиган кенг доирада фикрлашини эслатиш мумкин бўлиб, ушбу хусусиятлар, айниқса, унинг «Таҳқиқ мо ли-л-Ҳинд» асарида яққол кўзга ташланади.
Абу Райҳон Беруний барча илмсеварларнинг ҳурматини қозонган буюк олим бўлиб, унинг илм-фан тараққиётига кўрсатган хизматлари улкан, беқиёс ва таҳсинга сазовордир. Худди шу сабабли ҳам ойдаги маконлардан бири унинг номи билан аталади.
Эронда кўплаб илмий ва тадқиқот муассасалари Беруний номи билан аталади, ушбу новатор олимнинг илмий меросига бағишланган кўплаб анжуманлар ўтказилади. Шунингдек, кўплаб эронлик тадқиқотчилар Абу Райҳон Беруний тўғрисида тадқиқотлар амалга оширган ва қимматли асарлар ёзганлар. Жумладан, эронлик машҳур олим Али Акбар Деҳхудо (1879-1959) ушбу алломанинг ҳаёт йўли тўғрисида, Забиҳуллоҳ Сафо (1911-1999) эса Берунийнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида китоблар ёзишган. Шунингдек, Жалолиддин Ҳумоий (1900-1980) қаламига мансуб «Абу Райҳон Берунийнинг ихтиролари ва кашфиётлари» номли китоб ҳам Теҳронда нашр этилган. Бундан ташқари, Эронда унинг шахсияти, асарлари ва кашфиётлари тўғрисида ўнлаб мақолалар дунё юзини кўрган.
Эронда ҳар йили эронча ҳижрий-шамсий тақвимдаги шаҳривар ойининг ўн учинчи куни (григориан тақвими сентябрь ойининг тўртинчи куни), яъни Абу Райҳон Берунийнинг таваллуд топган куни ушбу аллома шарафига Астрономия миллий куни сифатида нишонланади.
Абу Райҳон Берунийнинг жаҳон халқларига кўрсатган улкан хизматларига қарамасдан, унинг Ғазнадаги қабри ўта ғариб ва ном-нишонсиз бир аҳволдадир. Шунга кўра барча илмсеварларнинг саъй-ҳаракатлари ҳамда Эрон, Ўзбекистон ва Афғонистон давлатларининг биргаликдаги чора-тадбирлари орқали ушбу сермаҳсул новатор олимнинг қабрига муносиб ва муҳташам бир мақбаранинг қурилишига гувоҳ бўламиз, деб умид қиламан.
Айтишларича, Беруний касаллик бўлиб ётганида бир олим дўсти унинг аҳволидан хабар олгани борибди. Абу Райҳон ўша ҳолида ундан қийин бир масала борасида фикрини сўрабди. У ерда турганлар: «Ҳозир илмий савол беришнинг мавридимикан?», деб сўрашибди ажабланиб. Шунда Беруний: «Билиб ўлганим яхшими ёки билмасдан бу дунёдан ўтиб кетганим яхшими?», дебди.
Тўғрисини айтганда, Абу Райҳон Беруний илм излаш, илм ўрганиш ва тадқиқотчиликда барчамиз учун муносиб ўрнакдир. Шунга кўра уни буюк ва машҳур форсийзабон шоир Фирдавсий қаламига мансуб қуйидаги байтда ифодаланган ҳикматнинг ҳақиқий тасдиқловчиси деб билиш мумкин:
Чунин гуфт Пайғамбари ростгўй:
Зи гаҳвора то гўр дониш бижўй.
Мазмуни: Пайғамбар шундай деди: «Бешикдан то қабргача илм изла».
Ҳамид НАЙЙИРОБОДИЙ
Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги
Фавқулодда ва мухтор элчиси