Бибиона зиёратгоҳи обод бўлмоқда
Фоторепортаж
Наманган вилояти Чуст туманидаги Бибиона зиёратгоҳида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари якунланмоқда.
Жами 7,5 гектар майдонни эгаллаган зиёратгоҳда катта бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Намозхона, таҳоратхона, рамзий мақбара, миллий айвон ва эсдалик буюмлари дўкони қурилди. Шунингдек, ҳудуддаги учта булоқ атрофи кўркам ҳолатга келтирилди. Бу ишларнинг барчасига 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Ҳозирда зиёратгоҳдаги асосий қурилиш ишлари якунига етмоқда.
Келгусида зиёратгоҳ ҳудудидаги дов-дарахтларни янада кўпайтириш, ерларга майса сепиш, қурбонлик амаллари бажариладиган махсус жой ва сайёҳлар учун тамаддихона барпо этиш режалаштирилган.

Бибиона зиёратгоҳи бронза даврига оид Чуст манзилгоҳи бўлган. Ёдгорлик ҳудудида қадимий шифобахш булоқ мавжуд бўлиб, ушбу булоқ “Бибиона-қайран” номи билан машҳур. Бибиона Чуст шаҳридан икки километр шимолда, Ғовасой соҳилида жойлашган кўҳна тепалик, яъни кўҳна кент, қишлоқ харобасидир. Халқ тилида “Буонамозор” номи билан юритилган.
Буонамозор манзилгоҳининг топилиши ва ўрганилиши жараёнида Фарғона водийсида, шу жумладан, Наманган воҳасида бундан 2800-3000 йил аввал ота-боболаримиз тоғ олди ҳудудларида, сойлар соҳилида ва булоқлар атрофида илк бор суғорма деҳқончилик билан шуғуллангани маълум бўлди.
Зиёратгоҳ ободонлаштирилиб, бу ерга ташриф буюрувчи зиёратчилар, сайёҳлар учун қулай шароит яратилаётгани ҳудудда туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.


