Бетакрор шоирамизнинг табаррук ёди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева таваллудининг 75 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
“Байроқдек ҳилпираб вақт келаётир...” номли адабий-маърифий кечада ижодкор зиёлилар, талаба-ёшлар , адабиёт мухлислари иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид кўплаб истеъдодларни қўллаб-қувватлашда Ҳалима Худойбердиеванинг хизматлари беқиёс эканини таъкидлади. Шоиранинг барча шеърлари катта юрак, катта хотира, шижоат билан битилганини адабиёт фидойилари доим эътироф этадилар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси асосида Сирдарё вилоятида Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг ташкил этилгани ижодкор асарларини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳассос шоира Ҳалима Худойбердиева шеъриятида исёнкор руҳ, миллийлик, ватанпарварлик, самимият, оналар изтироби устувор ўрин эгаллайди.
Адабиётшунослар фикрича, Ҳалима Худойбердиеванинг ижоди 60-йиллардан бошланган бўлиб, ижодкорнинг “Илк муҳаббат”, “Оқ олмалар”, “Чаман”, “Суянч тоғларим”, “Бобо қуёш”, “Иссиқ қор”, “Садоқат”, “Муқаддас аёл”, “Юрагимнинг оғриқ нуқталари”, “Ҳурлик ўти”, “Бу кунларга етганлар бор”, “Тўмариснинг айтгани” каби шеърий, насрий китоблари мухлисларнинг маънавий мулкига айланган.
Унинг Фазу Алиева, Сильва Капутикян, Ибройим Юсупов ижодидан таржималари эътиборлидир. Ҳалима Худойбердиева ўзининг “Муқаддас аёл” номли шеърий тўплами учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. 1992 йили шоирамизга “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони берилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ҳалима Худойбердиева “Эл-юрт ҳурмати” ҳамда “Фидокорона хизматлари учун” орденларига муносиб топилган. Эътиборга молик жиҳати, ҳозирда Москвада чоп этилган Ўзбекистон адабиёти антологиясидан Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева шеъриятига ҳам кенг ўрин берилган. Зеро, унинг ХХ асрнинг энг яхши шоираларидан бири эканини турли давлатларнинг адабиётшунослари ҳам кўп бора эътироф этадилар.
– Ҳалима опа ёдимиздан чиқмайдиган сиймо, – деди таниқли журналист ва шоира Қутлибека Раҳимбоева. – У адабиётимиз хазинасига ажойиб шеърлар қолдирган. Ҳалима опа доим уйғоқ, руҳни кўтарувчи, қувват берувчи шеърлар ёзган. У ўзининг "Саодат" журналидаги фаолияти давомида Эшқобил Шукур, Чори Латипов, Қўчқор Норқобил, Салим Ашур, Дилфуза Шомаликова каби бир қатор салоҳиятли ижодкорлар билан озод руҳ ярата олди. Ҳалима опа ҳаммамизни фикрлашга чақирар эди.
– Ҳалима опанинг шеърияти жудаям миллий, халқона шеъриятдир, – деди таниқли шоир Салим Ашур. – Ҳалима опа халқ дардини, миллат дардини ўз дардига айлантирган ижодкор эдилар. Опа қанчалик буюк ижодкор бўлсалар, шу қадар мард, мукаммал инсон, шахс эдилар.
Адабий-маърифий тадбирда устоз шоиранинг “Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор” китоби тақдимоти ўтказилди.
Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида шоира шеърлари билан куйланувчи қўшиқлар ижро этилди.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА