Бетакрор сўз санъаткори
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди.
Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллиги
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Ахборот- коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида ташкил этилган ушбу хотира кечаси "Саид Аҳмад – бетакрор сўз санъаткори" деб номланди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов ва бошқалар миллий адабиётимиз, ёшлар маънавиятини юксалтириш каби масалалар доимий эътиборда эканини таъкидлади.
Саид Аҳмад асарлари теранлиги, бадиий юксаклиги билан миллий адабиётимизда алоҳида ўрин эгаллайди. Адибнинг ҳаёт йўли, гўзал романлари, ранг-баранг қисса ва ҳикоялари, саҳна асарларидаги умр манзаралари, инсоннинг нозик қалб кечинмалари тасвири ўзининг миллийлиги ва халқчиллиги билан адабиёт мухлисларининг меҳрига сазовор бўлган.
Таъкидлаш жоиз, адиб ижодининг каттагина қисми ҳажвий-юмористик ҳикоялар, қиссалар, комедиялардан иборат. “Эр юрак”, “Фарғона ҳикоялари”, “Чўл бургути”, “Чўл оқшомлари”, “Одам ва бўрон”, “Йўқотганларим ва топганларим”, “Қоракўз мажнун”, “Киприкда қолган тонг” каби асарлар шулар жумласидандир. “Уфқ” трилогияси, “Жимжитлик” романи, “Хандон писта” ва “Бир ўпичнинг баҳоси” ҳажвий тўпламлари, уч жилдли “Танланган асарлар”и адабиёт мухлисларига яхши таниш.
Унинг юмористик маҳорати “Келинлар қўзғалони” ва “Куёв” комедияларида ёрқин намоён бўлган. “Келинлар кўзғалони” асари дунёнинг кўплаб мамлакатларида саҳналаштирилган.
“Уфқ” романи XX аср миллат ҳаётининг ўн йиллик даври – Иккинчи жаҳон уруши, уруш ва урушдан кейинги йиллар воқеаларини ўз ичига олади. Трилогияда ўша йиллари халқ бошига тушган мусибатлар, одамлар кўксидаги армонлар, шу мусибатларни енгишга қодир мислсиз матонат ва шижоатлар ёзувчи истеъдодига хос ёрқин эҳтирос билан акс эттирилган. “Жимжитлик” романида эса сиртдан тинч, сокин кўринган шўро даврининг ички драмалари, тузум инқирози бутун кескинлиги, шиддати билан кўрсатилган.
Адибнинг миллий адабиётимиз ривожидаги улкан хизматлари муносиб эътироф этилган. У Ўзбекистон Қаҳрамони (1999), “Дўстлик” (1996) ва “Буюк хизматлари учун” (1997) орденлари билан мукофотланган эди. Айни пайтда адабиётшуносларнинг фикрича, халқнинг меҳри ёзувчи учун чин маънода катта рағбат, илҳом, ижодий изланиш манбаи эди.
Тадбирда Саид Аҳмаднинг ҳаёт ва ижод йўли, асарларидаги ҳақиқат манзаралари ва инсоний кечинмаларнинг ёрқин ифодаси хусусида сўз борди.
Маънавият тарғиботчилари, адабиёт фидойиларининг Саид Аҳмад ҳаёти, фаолияти ҳақидаги илиқ хотиралари кечага самимий руҳ бағишлади. Атоқли адиб таваллудига бағишланган мазкур тадбир иштирокчиларда катта таассурот уйғотди.