Бешта маҳаллада кузатишлар олиб борилди
Республика Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари Самандар Саъдуллаев Бухоро вилоятининг Бухоро туманидаги “Боғидашт”, “Дилобод Зафаробод”, “Қўшходим”, “Работиқалмоқ” ва “Сўфикоргар” маҳалла фуқаролар йиғинларида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг ижроси юзасидан кузатишлар олиб борди.
Бажариладиган ишлар, аҳолига яратиб бериладиган шарт-шароит қаторида ички хўжаликлараро ўтган ариқнинг 14 минг метр қисми ўзанини бетонлаштириш, маҳаллаларга 10 та электр трансформатор пунктини ўрнатиш, шунингдек, тармоқда 41 минг метр узунликдаги СИП электр кабелини тортиш, яроқсиз ҳолга келган симёғоч ўрнига 827 та бетон-таянч устунни ўрнатиш каби чора-тадбирлар белгиланган.


– Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда камбағал оилалар аъзолари бандлигини таъминлаш, ногиронлиги бўлган фуқароларга яшаш хонадонида иссиқхона ва паррандачилик йўналишларида даромад манбаларини яратиш, уларга банк имтиёзли кредитларини бериш орқали тадбиркорликка жалб қилиш чоралари изланди. Шу билан бирга тумандаги маҳаллаларда янгиланаётган муҳандислик-коммуникация тармоқлари шайлиги учун умумий қиймати 15 миллиард 427 миллион сўм маблағ молиялаштирилгани, бу борадаги чора-тадбирларни кечиктирмасдан, тез суръатда ва сифатли адо этиш зарурлигига эътибор қаратилди. Қолаверса, жорий йилда мазкур йиғинларда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида мавжуд томорқа экин ерларини суғоришни яхшилаш, насос ва бошқа гидроиншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари муҳокама қилинди, – дейди Самандар Саъдуллаев.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири