“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг бешинчи мавсумига старт берилди
Бундан беш йил муқаддам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимиз ёшлари ҳаётига катта спорт завқини тортиқ этган “Беш ташаббус олимпиадаси” қисқа фурсатда юртимизда аҳолининг барча қатламларини қамраб оладиган катта оммавий ҳаракатга айланди.
Ўтган йиллар давомида ташкил этилган ушбу тизим доирасидаги мусобақалар, турли саломатлик тадбирлари натижасида минг-минглаб ёшларимиз катта спорт майдонларига шаҳду шижоат билан кириб келди.
“Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақалари туфайли юртимизнинг кўплаб маҳалла ва гузарларида бир-биридан кўркам спорт мажмуалари, майдончалар бунёд этилиб, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойиллари кенг ёйилишига шарт-шароит яратилди.
Биргина ўтган йили ташкил этилган “Беш ташаббус олимпиадаси” оммавий спорт мусобақалари туфайли 15 миллион аҳоли вакиллари спорт мусобақалари билан қамраб олинди.
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да жорий йилги “Беш ташаббус олимпиадаси ва паралимпиадаси”нинг янги мавсуми бошланиши муносабати билан ташкил этилган катта байрам тадбирида иштирок этган мутасаддилар, дахлдор ташкилот ва вазирлик раҳбарлари шу ҳақда тўхталиб ўтишди.
Бу, янги Ўзбекистон янги имкониятлар мамлакати эканининг ёрқин ифодаси бўлди.
“Олимпия шаҳарчаси” билан бир вақтда онлайн тарзда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг бошланишига старт берилиши юзлаб ёшлар қалбига катта завқ бағишлади.
Юртимиз ёшларинигина эмас, балки аҳолининг барча қатламларига саломатлик кўникмасини тортиқ этадиган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг бешинчи мавсуми бошланишига бағишланган тадбирда сўз олганлар, ўтган йиллар давомида янгича тизим асосида ўтказилаётган ўйинлар натижасида 6,4 миллион нафарга яқин фуқаро мусобақаларга жалб этилди.
Ўйинларнинг айнан маҳаллалардан бошланиши назарда тутилгани сабабли спорт машғулотлари, унинг инфратузилмаси, “Беш ташаббус”нинг умидли эпкинлари, катта ютуқлар остонасидаги кичик орзулар насими чекка-чекка ҳудудларгача кириб боришига эришилди.
Мамлакатимизда рақамлаштириш тизимидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш борасида ишлар барча соҳаларга жадаллик билан кириб бормоқда.
Хусусан, спорт тизимида ушбу йўналишда ибратли ишлар амалга оширилаётгани натижасида спортчиларни рўйхатга олиш, мусобақаларга йўналтириш, натижаларини қайд этиб боришда деярли шаффофликка эришилди.
"Беш ташаббус олимпиадаси"нинг янги мавсумига старт бериш маросимида 5tashabbus.uz (https://5tashabbus.uz/) платформаси орқали мусобақаларда иштирок этиш истагини билдирган биринчи иштирокчи рўйхатдан ўтгани эълон қилинди.
Жорий йил апрель ойидан бошланадиган бу йилги "Беш ташаббус паралимпиадаси" доирасида 13 та йўналишда 100 минг нафар фуқаро адаптив спортга кириб келиши назарда тутилган.
Эътиборлиси, спортчилар орасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги 90 та махсус мактаб ўқувчилари ҳам иштирок этади.
Шунингдек, олийгоҳларда таҳсил олаётган 11 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахслар илк бор ушбу мусобақалар орқали спорт билан қамраб олинади.
Мазкур мусобақалар нафақат спорт майдони, балки иқтидорларни аниқлаш ва уларни тизимли қўллаб-қувватлаш платформаси сифатида ҳам самарадорлигини кўрсатмоқда.
Биргина ўтган йилнинг ўзида 3 минг 82 нафар иқтидорли ёш спорт таълим муассасаларига саралаб олинди ва улар учун катта спорт сари кенг йўл очилди.
- Жорий йилда "Беш ташаббус олимпиадаси" ва оммавий спорт тадбирлари орқали 17 миллион нафар аҳолини қамраб олиш режалаштирилган. Бугун оммавий спорт ҳар бир юртдошимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Натижада давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган "Соғлом инсон — соғлом миллат" ғояси умуммиллий ҳаракат сифатида ҳаётга татбиқ этилмоқда, - дейди Спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Шерзод Олимов.
[gallery-27797]
Тантанали тадбирда вилоят студияларидан “маҳалла еттилиги”, “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг аввалги мавсум ғолиб ва совриндорлари, ёшлар, олий таълим муассасалари талабалари, умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари, таниқли спортчилар ва маданият ходимлари, шунингдек, ҳамкор вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимлари фаол қатнашди.
Тўлқин Рўзиев, Алимурод Мамадаминов(сурат), ЎзА