“Беш ташаббус олимпиадаси ва Паралимпиадаси”га старт берилди
Андижон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида вилоят ҳокимлиги, спорт бошқармаси мутасаддилари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, спорт фахрийлари, спортчилар ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирокида, “Беш ташаббус олимпиадаси ва Паралимпиадаси” лойиҳаларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Комилжон Комилов, спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов ва бошқалар “Беш ташаббус олимпиадаси ва Паралимпиадаси” ёшларга ўз иқтидор ва имкониятларини юзага чиқариши учун кенг имконият майдони, шу билан бирга, уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва фаоллигини оширишга хизмат қилаётган лойиҳа эканлиги ҳақида сўз юритди.
Бу тадбирлар ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, миллий спорт ўйинлари ва спорт турларини ёшлар ўртасида оммалаштириш, уларнинг иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Лойиҳалар доирасида жамоалар ўртасида “Заковат”, “Қувноқлар ва зукколар” интеллектуал ўйинлари, “Ёш китобхон” ва бошқа кўрик-танловлар, шунингдек, спортнинг шахмат-шашка, “Street Workout”, енгил атлетика, стол тенниси, волейбол, стритбол, миллий кураш, киберспорт турлари бўйича мусобақалар ҳақиқатдан ҳам ёшларга ўз иқтидорларини намойиш этиш учун кенг имконият яратмоқда.
[gallery-27810]
Тадбирда Спорт вазирлиги томонидан вилоятдаги 879 та маҳалланинг ҳар бирига 8 тадан, жами 7 минг 32 дона спорт тўплари топширилди. Шунингдек, тадбирда лойиҳаларнинг ўтган йилги мавсуми спорт тадбирларини намунали тарзда ташкил этган бир гуруҳ маҳалла ёшлар етакчилари, спорт соҳаси вакиллари рағбатлантирилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.