“Беш ташаббус олимпиадаси” Қашқадарёда старт олди
“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг навбатдаги мавсуми Қашқадарё вилоятида расман бошланди. Нуфузли ёшлар ҳаракатининг янги мавсуми тантанали очилиш маросими ва кўтаринки руҳдаги концерт дастури билан очилди.
Тадбирда иштирок этган ёшлар янги мавсумни катта иштиёқ, юксак кайфият ва ғалабага бўлган қатъий ишонч билан қарши олди. Жорий мавсумда маҳалла ёшлари 23 та турли спорт мусобақалари ва танловларда ўзаро беллашиб, ўз салоҳияти, маҳорат ва иқтидорини намоён этади. Қайд этилишича, иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш жараёни 5tashabbus.uz платформаси орқали амалга оширилмоқда ва барча ёшлар фаол иштирок этишга чорланмоқда.
Қашқадарё вилоятида 2025 йилда қўлга киритилган натижалар ёшларнинг салоҳияти ва қатъиятини яққол намоён этди. Ўтган мавсум якунларига кўра, вилоят ёшлари 9 та олтин, 10 та кумуш ва 9 та бронза медални қўлга киритиб жами 28 та медаль билан умумжамоа ҳисобида юқори натижага эришди. Бу кўрсаткичлар ҳудудда ёшлар сиёсати, интеллектуал қобилиятларни ривожлантириш, оммавий спортни қўллаб-қувватлаш ва истеъдодларни рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар самарасидир.
[gallery-27809]
Шунингдек, ўтган йилги натижаларга кўра ғолибликни қўлга киритган ёшлар истиқомат қиладиган маҳаллаларда Республика бюджети маблағлари ҳисобидан жами 3 миллиард 270 миллион сўмлик 15 та замонавий спорт майдончаларини барпо этиш белгиланган. Бу эса ёшлар учун янада кенг имкониятлар яратиб, уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, Беш ташаббус олимпиадаси нафақат спорт мусобақалари мажмуаси, балки ёшларнинг жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли ҳаракат ҳисобланади. Янги мавсумда Қашқадарё ёшлари янада юқори марраларни забт этиш, ўтган йилги натижаларни мустаҳкамлаш ва яхшилашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари