“Беш ташаббус олимпиадаси” ғолиблари тақдирланди
Айни кунларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан таълим муассасаларида ишловчи ходимларни спортга кенг жалб этиш, ўқитувчиларнинг жисмоний фаоллик даражасини ошириш, умумтаълим мактабларида спорт тўгараклари фаолиятини жонлантиришга кўмаклашиш мақсадида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида барча ҳудудларларда “Соғлом танда сифатли таълим” шиори остида мусобақалар уюштирилмоқда.

Жумладан, Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида халқ таълими бўлими тизимидаги мактаб ўқитувчилари ўртасида “Касаба уюшмаси кубоги” учун спорт мусобақаларининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Ушбу беллашувда шаҳар ва туман босқичларида ғолиб чиққан 300 дан зиёд педагоглар спортнинг бир қатор турлари бўйича куч синашди.

Мусобақаларнинг якуний босқичида Янгиқўрғон тумани жамоаси мутлақ ғолиб бўлди. Ғолибликни қўлга киритган жамоага 30 миллион сўм пул мукофоти ва “Касаба уюшмаси кубоги” топширилди. Шунингдек, яккалик баҳсларда юқори натижаларга эришган муаллимларга турнир ташкилотчиларининг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди. “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақасининг тантанали тақдирлаш маросимида Республика Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА