Беш ташаббус Бадиий академия тизимида
Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Брифингда жорий йил 30 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббуси бўйича имплементация стратегиясини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режаси” ижроси ва мазкур режа ижросига кўра Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан йўлга қўйилган “Рассом устахонасида меҳмонда” лойиҳаси ҳамда "Ўзбекистон манзаралари" акцияси ҳақида маълумотлар берилди.


“Рассом устахонасида меҳмонда” лойиҳаси талабига кўра мактабгача таълим, халқ таълими ва олий таълим муассасалари тарбияланувчи ва ўқувчи-талабалари учун ижодкорларнинг шахсий устахоналарида ижодий учрашув ҳамда маҳорат дарслари ташкил этилиши кўзда тутилган. Мазкур лойиҳа доирасида ўтказилаётган ижодий учрашувлар айнан рассомлар устахоналарида ташкил этилади. Сабаби, ёшларга ҳақиқий ижодий муҳитни кўрсатиш орқалигина уларнинг тасвирий санъат оламини англашлари учун янада кенгроқ имконият яратишга, ушбу касбга бўлган чин маънодаги муҳаббатни уйғотишга эришиш мумкин.
Лойиҳа доирасида мамлакатимиз ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва турли соҳадаги олий таълим муассасалари талабалари учун Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига аъзо таниқли устоз ижодкорлар, академик рассомлар иштирокида маҳорат дарслари, ижодий учрашув ва мулоқотлар ташкил этилди. Жумладан, жорий йилнинг октябрь ойида лойиҳа иштирокчилари 280 нафарни, ноябрь ойида 493 нафарни ва декабрь ойига келиб эса 520 нафарни ташкил этди.


Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад асосан номутахассис ёшлар аудиториясини санъат турларига жалб қилиш, хусусан, тасвирий ва амалий санъатга бўлган қизиқишни уйғотиш, уларда эстетик дидни шакллантириш, касбга йўналтириш, истеъдодини юзага чиқариш ва қўллаб-қувватлашдир.
Бешта муҳим ташаббус доирасида ўтказиб келинаётган яна бир лойиҳа бу “Ўзбекистон манзаралари” акциясидир. Акцияни ўтказишдан кўзланган мақсад амалий санъат усталари ва рассомлар иштирокида юртимизнинг манзарали жойларида пленэрлар ташкил қилиб, табиат манзараларини тасвирлаш ва яратилган асарларни туризмни ривожлантириш бўйича нашр этиладиган альбом учун тавсия этишдир.


Акция давомида яратилган асарлардан ташкил топган кўргазма 2020 йилнинг январь ойида ўтказилиши режалаштирилган. Кўргазмага тақдим этилган асарлар орасидан энг саралари танлаб олинади ва альбом учун тавсия этилади.
Мазкур акция бўйича октябрь ойида 2, ноябрь ойида 5, декабрь ойида 10 та вилоятда пленэрлар ташкил этилиб, бетакрор она Ватанимизнинг сўлим гўшалари рассомларимиз асарларида ўз ифодасини топди.