Беш нафар юртдошимизга ID-карталар топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Когон тумани Халқ қабулхонасида ҳудудда яшовчи фуқаролиги бўлмаган 5 нафар юртдошимизга Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканлигини тасдиқловчи ID-карталар топширилди.
Феруза Аҳмедова, 1988 йил 21 февралда Тожикистон Республикаси Душанбе шаҳрида туғилган. Миллати тожик, маълумоти ўрта-махсус, оилали 2 нафар фарзанди бор, Бухоро вилояти Когон туманида доимий рўйхатдан ўтиб яшаб келмоқда. Ф.Аҳмедова 1995 йилда Ўзбекистон Республикасига доимий яшаш мақсадида кўчиб келган. Мазкур туманнинг Ўба Чўли маҳалла фуқаролар йиғини Ойбек қишлоғи 28-уйда доимий рўйхатдан ўтиб яшаб келмоқда. ID-картага эга бўлиб қувончларга тўлган юртдошларимиз орасида у ҳам бор.
– Гарчи Ўзбекистонда туғилиб-ўсган бўлмасам-да, шу юртда яшаяпман, – дейди тадбир иштирокчиси Феруза Аҳмедова. – Бугун юрагимнинг бир четидаги армон тугунлари ечилди. Энди бошимни дадил кўтариб, мана шу юртнинг ҳақиқий фуқароси эканлигимдан ғурурланиб юраман.
Ўзбекистонни ўз Ватани биладиган, аммо фуқаролик ололмагани учун турли машаққатларга учраб юрган юртдошларимизнинг елкасига ҳам офтоб тегди. Уларнинг энг буюк орзулари ушала бошлади. Чин маънода шу юрт фарзанди эканини ҳис этди.
Давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги олдидан бу қўллаб-қууатлов уларга ҳақиқий совға бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА