Беморларга қувонч ва умид улашилди
Авваллари пойтахт ёки йирик ихтисослашган марказларга боришга мажбур бўлган беморлар энди зарур текширувларни яшаш жойидан узоқлашмасдан ўтказиш имконига эга бўлмоқда.
Наманган вилоятининг Чуст тумани тиббиёт бирлашмасида пойтахтдан келган замонавий мобил ангиограф автомобили “Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун” тамойили асосида аҳолига юқори технологияли кардиологик хизматларни ўз ҳудудида олиш имконини яратмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан илгари сурилган ушбу хайрли ташаббус қисқа фурсатда ўз самарасини кўрсатди. Тўрт кун давомида уч юзга яқин беморлар чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 152 нафарида коронарография амалга оширилиб, юрак-қон томирлари ҳолати замонавий рақамли технологиялар асосида баҳоланди.

Текширувлар натижасида 40 беморга стент ўрнатиш, яна саккиз нафарининг юрагида очиқ коронар шунтлаш жарроҳлик амалиётини ўтказиш тавсия этилди. Бу эса, касалликларни эрта босқичда аниқлаш, оғир асоратларнинг олдини олиш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда мобил тиббий хизматнинг нечоғлик зарурият эканлигини кўрсатади.
Текширувлар республика Миллий тиббиёт марказининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалга оширилмоқда. Марказнинг эндоваскуляр жарроҳи Нурбек Сапаров бошчилигидаги олти нафар малакали шифокорлар беморларни қабул қилиб, ҳар бир мурожаатчининг ҳолатини атрофлича баҳоламоқда.

Қайд этилишича, бундай замонавий ангиографик комплекснинг чекка ҳудудларга олиб келиниши аҳоли учун жуда катта қулайлик яратади. Эътиборлиси, вақт бой берилмайди, бемор ортиқча сарсонгарчиликка дуч келмайди ва касаллик эрта аниқлангани боис даволаш самарадорлиги сезиларли даражада ортади. Шунингдек, маҳаллий шифокорлар ҳам республика даражасидаги мутахассислар билан елкама-елка ишлаб, амалий тажрибасини бойитиш имконига эга бўлади.
Чуст туманининг Пансада маҳалласида яшовчи 72 ёшли Неъматжон ота Тожиев ҳам текширувдан ўтган беморлардан бири. У кўрсатилган тиббий хизмат ва шифокорларнинг эътиборидан мамнун эканини билдириб, бундай имконият чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи кекса инсонлар учун айниқса муҳимлигини таъкидлади.

Бундай лойиҳаларнинг энг катта аҳамияти шундаки, улар нафақат замонавий тиббиёт имкониятларни чекка ҳудудларга олиб кирмоқда, балки юрак хасталикларини ўз вақтида аниқлаш, оғир асоратларнинг олдини олиш ва энг муҳими, инсон ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.