Бемор болалар ҳолидан хабар олинди
Беморлар ҳолидан хабар олиш, кўнгил сўраш энг олижаноб ишлардан биридир. Бир оғиз ширин сўз билан уларнинг дардини енгиллаштириш, қалбига умид уруғларини қадаш мумкин.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов Республика болалар психоневрология шифохонасида даволанаётган болалар ҳолидан хабар олди.

Тошкент шаҳар “Баркамол авлод” болалар мактаблари томонидан ташкил этилган “Ҳар бир бола эътиборда, эъзозда” хайрия акцияси доирасида шифохонада даволанаётган 200 нафардан ортиқ болажонларни байрам билан табриклади.
Мазкур акцияда Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги 215 та “Баркамол авлод” болалар мактабининг тўгарак аъзолари томонидан ясалган совғалар шифохонада ётган тенгдошларига топширилди.

Хайрия акцияси доирасида Республика онкология илмий маркази, Гематология илмий-текшириш институти, ОИТС/ОИВга қарши курашиш Республика маркази ҳамда Республика нейрохирургия илмий марказида даволанаётган болажонларга ҳам совғалар улашилди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА