Белгиланган режа уддаланди
ПАХТА – 2018. Андижон вилояти Улуғнор тумани пахтакорлари 9 минг 14 гектар майдонда ғўза парваришлаб, давлатга 17 минг 814 тоннадан ортиқ сифатли пахта ҳосили топширди.
Андижон вилояти Улуғнор тумани пахтакорлари 9 минг 14 гектар майдонда ғўза парваришлаб, давлатга 17 минг 814 тоннадан ортиқ сифатли пахта ҳосили топширди.– Йиғим-терим уюшқоқлик билан ўтказилди, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Нўъмонжон Қирғизов. – Тумандаги 25 маҳалла фуқаролар йиғинидан фаоллар, уй бекалари, уюшмаган аҳоли вакиллари ҳамда ҳашарчилардан иборат 9 минг нафардан ортиқ фуқаро 74 та терим отряди таркибида теримда фаол қатнашди.
Теримчиларга терилган пахта учун пул режа 50 фоизга етгунга қадар 3-5 кунда, 50 фоиздан ўтгандан кейин кунма-кун бериб борилди. Шунингдек, туман ҳокимлиги, фермер хўжаликлари томонидан теримчиларга тушлик иссиқ овқат ва бошқа барча шароитлар яратиб берилди.
Иш ҳақи миқдори ва берилишида жорий этилган янгича тизим, илғорлар моддий ва маънавий рағбатлантириб борилгани, маданий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилгани терим суръатини янада оширди. Кўплаб теримчилар мавсум давомида 5-6 тоннадан пахта териб, туманимиз умумий хирмонига муносиб ҳисса қўшди. Айниқса, 36- терим отряди аъзолари Дилдора Ҳасанова, Навбаҳор Аҳмедова, Нигора Умрзоқова, 18-терим отряди аъзолари Одинахон Жакбарова, Ойшахон Мирзакаримова, Наргиза Холдорова сингари илғор теримчилар барчага намуна бўлди.
– Мавсум бошидан буён 5 тоннадан ортиқ пахта тердим, – дейди 36-терим отряди аъзоси, Файзобод маҳалласида яшовчи Дилдора Ҳасанова. –Фермер хўжаликлари томонидан ҳар куни тушлик тайёрланди, терим пуллари даланинг ўзида бериб борилди. Ҳозиргача 5 миллион сўмдан ортиқ даромад қилдим. Илғор теримчилар қатори туман, вилоят ҳокими совғаларини олишга муяссар бўлдим.
Туманда мавжуд 343 та фермер хўжалигининг аксарияти йиллик режани ортиғи билан адо этди. Жумладан, “Мағрурбек файз ери”, “Шерзодбек ери”, “Улуғнор ифодаси”, “Мамажон бува” сингари фермер хўжаликлари барчага намуна бўлди.
Теримчиларни моддий рағбатлантириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилди. Бу теримчиларга куч-ғайрат, шижоат бағишлади.
Туман пахтакорлари даладаги ҳосилни нест-нобуд қилмасдан охирги мисқолигача йиғиштириб олиш мақсадида теримни давом эттирмоқда.