Белбоғли кураш: алплар “Само”да беллашди
Аввал хабар берганимиздек, 4-6 май кунлари Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасида белбоғли кураш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионати мусобақаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг йиллик тақвим режасидаги мазкур чемпионатда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 200 нафардан зиёд полвонлар иштирок этди.

Юқори савияда ташкил этилган ушбу чемпионатда дастлаб тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, Фарғона вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Нодирбек Ҳакимовлар спортчиларни қутлар экан, юртимизда кейинги йилларда жисмоний тарбия, хусусан, миллий спорт турларимизга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидлаб, полвонларга омад тилади. Шундан сўнг катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатига старт берилди.Икки кун давом этган ушбу беллашувларда эркаклар белбоғли курашнинг эркин ва классик йўналишларида 8 та вазн тоифасида, аёллар эркин йўналишда 5 та вазнда курашга тушишди.

Муросасиз ва қизғин ўтган баҳсларнинг якуний натижаларига кўра, қуйидаги полвонлар ўз вазн тоифаларида ғолибликни тантана қилишди.
Белбоғли кураш йўналиши эркаклар ўртасида
Жамолиддин Неъматуллаев 57 кг. (Наманган), Абдуқодир Авазбеков 62 кг. (Фарғона), Илёсбек Ёқубжонов 68 кг. (Андижон), Нусратбек Султонбоев 75 кг. (Андижон), Ҳусниддин Рўзиев 82 кг. (Андижон), Жасурбек Исроилов 90 кг. (Андижон), Нодирбек Аҳаджонов 100 кг. (Тошкент ш.), Бахтиёр Жумабоев +100 кг. (Сирдарё).

Белбоғли курашнинг эркин йўналиши эркаклар ўртасида
Шаҳзод Усмонов 57 кг. (Тошкент в.), Сарвар Тўхтасинов 62 кг. (Наманган), Шоҳрух Зокиров 68 кг. (Тошкент в.), Нусрат Йўлдошев 75 кг. (Тошкент в.), Оғабек Аматбаев 82 кг. (Тошкент в.), Ҳусан Абдуҳакимов 90 кг. (Сирдарё), Обидали Мавлонов 100 кг. (Фарғона), Хислат Пирматов +100 кг. (Тошкент в.).
Аёллар ўртасида
Фарангиз Абдунабиева 52 кг. (Сирдарё), Манзураой Мўйдинова 58 кг.(Фарғона), Мафтунабону Маҳмудова 60 кг. (Андижон), Дилафруз Мамажонова 76 кг. (Наманган), Саҳобат Шералиева +76 кг. (Наманган).
Чемпионат якунлангач, кучли учликдан жой олган спортчилар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур чемпионат жорий йил 20-25 май кунлари Жиззах шаҳри мезбонлик қиладиган Осиё чемпионатига саралаш вазифасини ҳам ўтаб берди.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА